Ссылки доступа

Россия ва Туркия Украина портларини миналардан тозалашни муҳокама қилмоқда


Туркия ва Россия Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қора денгиз портидан жўнатишни қайта бошлаш бўйича тахминий келишувга эришди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Бироқ Киев ушбу таклиф қилинган шартномага шубҳа билан қарамоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумати Одесса қирғоқларини миналардан тозалаш ва дон кемаларини кузатиб бориш учун ҳарбий ёрдам таклиф қилди, бироқ Украина ҳимоянинг олиб ташланиши муҳим портни Россия ҳужуми учун очиқ қолдиришидан қўрқиб, ҳалигача режани тасдиқламади.

Туркия бу таклифни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маъқуллаши хавфсизликка оид хавотирларни бартараф этишига умид қилмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан чоршанба куни Анқарада музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Россия ҳукумати Одессага ҳужум қилиш учун савдо йўлларидан фойдаланмаслигини айтди. Айнан шу ҳукумат мамлакатимизга кенг кўламли босқинни бошлашдан бир неча кун олдин Германия канцлери Шольц ва Франция президенти Макронга Украинага ҳужум қилмаслигини айтган эди. Биз уларга ишона олмаймиз, — деб ёзган Украина ташқи ишлар вазири Дмйтро Кулеба.

Музокарага Украина ўз вакилини юборадими ёки йўқми, ҳозирча ноаниқ.

Келишувга эришиш бўйича олдиндан изоҳ бериш орқали Россия экспортни тўхтаганлиги учун жавобгарликни Украинага ўтказишга интилмоқда, — деди Украина иқтисодиёт вазири ўринбосари Тарас Качка.

Унга кўра, озиқ-овқат инқирози фақат Россия томонидан сунъий равишда яратилгани ҳақиқат бўлиб қолмоқда.

Россия—Туркия режаси Одесса яқинидаги миналарни олиб ташлашни ва БМТ назоратида кемаларнинг Қора денгиздан хавфсиз ўтишини кафолатлайди.

Ойлардан бери можарода воситачилик қилишга интилган Туркия Истанбулда юкларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш учун марказ ташкил этишни мақсад қилган. У ердаги расмийга кўра, Украина музокараларда бевосита иштирок этмаган.

Россия Украинага кетаётган кемаларни қурол-яроғ учун текшириш имкониятини ҳам талаб қилмоқда, бу шартга Киев қаршилик кўрсатган.

XS
SM
MD
LG