Ссылки доступа

Британия: Борис Жонсон яна камида бир йилга бош вазир курсини сақлаб қолди


Буюк Британиянинг Консерваторлар партиясига мансуб Жамоатлар палатаси аъзолари 6 июнь куни Борис Жонсоннинг партия лидери лавозимида ишини давом эттириши учун овоз беришди. Бу унинг мамлакат бош вазири бўлиб қолаверишини англатади.

Кечаги овоз бериш чоғида Жонсонни ёқлаб партиянинг 211 нафар вакили овоз берган, 148 нафар вакил эса қарши чиққан. Овоз беришда ғолиб бўлиш учун Жонсон камида 180 та овоз йиғиши лозим эди. Партия тартиб-таомилига мувофиқ, эндиликда бир йил давомида партия вакиллари Жонсонга нисбатан ишончсизлик билдиришолмайди.

Британиялик журналистлар қайдича, Жонсон ўз салафи Тереза Мэй 2018 йили йиққан овоздан камроқ овоз йиғолган. Мэй ўшанда ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш чоғида қозонган ғалабасидан бир неча ой ўтиб истеъфога чиққан эди.

Жонсоннинг танқидчилари уни коронавирус пандемияси чоғида масъулиятсизларча ҳаракат қилганликда айбламоқдалар. Иддаоларга кўра, қатъий локдаунга қарамай, бош вазир ўз қароргоҳида кўп кишилик кечалар уюштирган.

Бундан ташқари, ҳукуматнинг Британиядан бошпана сўраган одамларнинг бир қисмини Руандага йўллашга оид қарори ҳам танқид қилинмоқда. Бу одамлар, қарорга мувофиқ, ўз ишларининг кўрилишини ўша ерда кутишлари лозим бўлади.

XS
SM
MD
LG