Ссылки доступа

Украинадаги уруш туфайли ОИВ ва сил билан касалланиш кўпайиши мумкин


ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш глобал жамғармаси Украинадаги уруш Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ОИВ ҳамда сил касалликларининг кескин ошишига олиб келишини башорат қилмоқда.

Бу ҳақда фонд директори Питер Сандс Германиянинг RedaktionsNetzwerk Deutschland (RND) нашрига маълум қилди.

Сандснинг қайд этишича, аниқ рақамлар ҳақида гапиришга ҳали эрта, бироқ жамғарма Украинадаги уруш Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ОИВ ва сил билан касалланиш даражасига сезиларли таъсир кўрсатишини кутмоқда. «Оммавий миграция, қочқинларнинг тўпланиши ва тиббий ёрдамнинг тўхтатилиши юқумли касалликлар тарқалишига ёрдам беради», деб тушунтирди Глобал жамғарма директори.

Сандснинг қўшимча қилишича, Россия босқинчилиги туфайли кўплаб украиналиклар тиббий ёрдамдан маҳрум бўлган, профилактика ва даволаш дастурлари тўхтатилган. «150 дан ортиқ тиббиёт муассасалари шикастланган ёки вайрон қилинган. Тиббиёт ходимлари ва беморлар қочишга мажбур, баъзилари яраланган ёки ҳалок бўлган. Бу ҳолат, айниқса, ҳаёти мунтазам дори-дармонларга боғлиқ бўлган ОИВ ва сил билан касалланган беморлар учун хавфлидир», — дея огоҳлантирди Сандс.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, урушгача Украинада 260 мингга яқин ОИВ билан касалланган одам яшаган. ОИВ билан касалланганлар сони бўйича Украина Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида Россиядан кейин иккинчи ўринда туради.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2020 йил учун Украинада сил билан касалланган беморлар сони 32 мингга яқин. Бу Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Украина ҳали ҳам сил касаллиги энг юқори бўлган 30 давлат рўйхатида. Россия бу рўйхатни 2021 йилда тарк этган.

Аввалроқ ЖССТ Европа минтақавий директори ташкилот Россия томонидан босиб олинган Украина шаҳарларида вайрон бўлган инфратузилма туфайли вабо тарқалишидан қўрқишини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG