Ссылки доступа

Тожикистон ташқи савдо операцияларида доллардан фойдаланишни камайтириш ниятида


Тожикистон ҳукумати Россия рубли ва Хитой юанида хориждан зарурий буюмлар ва айрим турдаги хомашё олиб кириш орқали ташқи савдо операцияларида доллардан фойдаланишни минималлаштириш ниятида.

Тожикистон ҳукумати Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Тожикистонда рублнинг мустаҳкамланиши ортидан шундай қадам ташлашга қарор қилган.

Россиянинг Украинага қарши тажовузи сабаб бўлган ва миллий иқтисодиётга юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларнинг таъсирининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури деб номланган Инқирозга қарши дастурда барча вазирлик ва идораларга ушбу дастурни амалга ошириш чораларини кўриш топширилган.

Ҳукумат фармойишида «барча истеъмол товарлари, жумладан буғдой, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимлик ёғи, ёғоч, арматура ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё импорт қилувчилар» барча шартномаларни «АҚШ долларидан Россия рублига ёки юанга» ўтказиши шартлиги айтилади.

Тожикистон бу товарларни асосан Россиядан импорт қилади. Хитой ҳам асосий савдо шериги ҳисобланади.

АҚШ долларидан фойдаланишни камайтириш мақсадида Тожикистон Россия билан Сангтуда-1 ГЭСидан электр энергияси сотиб олиш бўйича келишувни ҳам қайта кўриб чиқмоқчи. Бу ГЭС Россия томонидан қурилган ва Тожикистон унинг электр энергиясини долларга сотиб олади.

Шу боис ҳукумат Энергетика вазирлиги ва «Барки тожик» давлат энергетика холдингига Сангтуда ГЭСидан электр энергиясини рублга сотиб олиш бўйича келишув шартларини қайта кўриб чиқишни топширди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай қарзнинг шаклланишига сабаблардан бири доллар курси, чунки жорий йилнинг февраль ойигача доллар курси сомонийга нисбатан доимий равишда мустаҳкамланиб борган ва «Барки тожик» электр энергиясининг катта қисмини сомонийда сотади.

Худди шу нуқтаи назардан, ҳукумат Ташқи ишлар вазирлигига Россия расмийлари билан Россияда Россия рублига ва бож тўламасдан ғалла сотиб олиш бўйича музокараларни бошлашни топширди.

Россия энг йирик дон ишлаб чиқарувчилардан бири. Ғарб матбуоти хабарларига кўра, Россия Украина буғдойининг бир қисмини тортиб олган ва «ўғирланган» донни учинчи давлатларга сотган.

Тожикистон буғдойнинг асосий қисмини Қозоғистондан импорт қилади, бироқ инқироздан кейин жаҳон бозорида ғалла нархи кўтарилди, Қозоғистон ҳам экспортини чеклаб қўйди.

XS
SM
MD
LG