Ссылки доступа

ЛГБТ ҳисобот. Қийноқ, шафқатсиз муомала ва жинсий зўравонлик


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи уч халқаро ташкилот Ўзбекистонда жинсий озчилик - ЛГБТ вакилларининг аҳволи ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Ҳисобот муаллифлари ўзбекистонлик жинсий озчилик вакилларининг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганига оид 100 дан ортиқ ҳолатни ҳужжатлаштирган.

Ўнга яқин қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинган ҳолатларнинг аксарида, мамлакатда ашаддий гомофоб кайфият, бу кайфиятни қўлловчи куч ишлатар тузилмалар ва уларга ЛГБТ ҳуқуқларини поймол қилиш учун асос бўлиб қолаётган Жиноят кодексининг 120-моддаси ҳақида гап боради.

7 июнь куни эълон қилинган ҳисоботни Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Саломатлик, ҳуқуқлар, гендер ва жинсий хилма-хиллик бўйича Евроосиё коалицияси (ЕКОМ) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) билан ҳамкорликда тайёрлаган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари 2017 йилдан буён жинсий озчилик - ЛГБТ вакиллари - лесбиян, гей, бисексуал ва трансгендерларга нисбатан содир этилган 100дан ортиқ ҳуқуқ бузилиши ҳолатларини ҳужжатлаштирган.

Фаоллар шунингдек, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) асосида айбланган 10 дан ортиқ фуқарога нисбатан олиб борилган суд ишларига доир ҳужжатларни тўплаганини қайд этган.

Ҳуқуқ фаолларининг танқидича, Ўзбекистонда жинсий озчилик вакиллари мутассил таъқиб, ҳақорат, жисмоний ва жинсий зўравонлик остида ҳаёт кечирмоқда. Бундан ташқари, нафақат гомофоб кайфиятдаги юртдошлари, балки давлат идоралари ва айниқса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан муттасил камситилиши, ҳуқуқлари поймол этилиши қайд этилган.

32 саҳифалик ҳисоботда 10 дан ортиқ гомосексуал йигитнинг ҳикояларидан парчалар берилган. Шахсини сир тутиб гапирган йигитларнинг айримлари ҳам жамият, ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларининг зуғуми ва шантажи остидаги ҳаётдан сўнг икки чиқиш йўлидан бирини танлаш - Ўзбекистонни тарк этиш ёки жонига қасд қилишга мажбур бўлишини айтишган.

“120-модда ноанъанавий жинсий ориентация ёки гендер идентификацияли шахсларга нисбатан, жазо олмаган ҳолда, шафқатсиз муносабатда бўлиш ва камситиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, у коррупцияни рағбатлантириш учун идеал платформа яратади. 120-модда мавжуд экан, қўрқитиш ҳеч қачон тугамайди ва гомофоблар бизнинг устимиздан хукумрон бўлиб қолаверишади”, дея ҳисоботда иқтибос келтирилган ўзбекистонлик ёш гомосексуал йигитдан.

Ўзбекистонда жинсий озчиликларга нисбатан тоқасиз муносабат собиқ совет давридан буён ўзгаришсиз қолмоқда.

Ҳисобот муаллифлари, ЛГБТга жамият муносабатини шундай таърифлайди:

“Ўзбекистонда кўпчилик гомосексуалликни юқумли касаллик деб билади ва агар у таъқиқланмаса ва жазоланмаса, жамиятни емиради ва нобуд қилади деб ишонишади. Агар оилалар қариндошини жинсий озчиликларга мансублигини билиб қолса ёки шубҳа қилса, кўпинча уни шифокорлар, психиатрлар, психотерапевтлар, муллалар ёки бошқа диний арбобларга «даволаш» учун мурожаат қилишга мажбур қиладилар. Бундан ташқари, оилалар ўртасида гей ўғлини оилавий уйдан сургун қилиш ҳолатлари кўп, айниқса унинг жинсий ориентацияси оиладан ташқарида маълум бўлганда”.

Ўтган йили апрел ойида Ўзбекистон ҳукумати биринчи марта ушбу модда билан жазога тортилган фуқаролар сонини эълон қилгани ҳисоботда қайд этилган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, 2016-2020 йиллар давомида жами 44 шахс 120-модда билан судланган. Ҳисоботни тайёрлаган 3 ташкилот бу рақамга ўзлари аниқлаган рақамни ҳам илова қилган.

Жумладан, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан 2022 йил январ ва феврал ойларида IPHRга тақдим этилган жавобларга кўра, 2021 йилда жами 36 киши 120-модда бўйича судланган, йигирма беш нафари қамалган. Бу эса аввалги йиллардагидан кўпдир.

Ўзбекистон ЖКнинг 120-моддаси халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо зид, деб баҳоланади.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, бир жинсдаги вояга етганлар ўртасида ўзаро розилик асосида жинсий алоқа ёки ўзининг гендер идентификациясини ифодалашни жиноят деб ҳисоблаш инсон ҳуқуқларининг очиқдан-очиқ бузилишидир.

Ҳисоботда, муаллифларнинг Ўзбекистон давлат идоралари ва инсон ҳуқуқларига масъул идораларидан олинган жавоблар ҳам келтирилган.

Ушбу жавоблардан чиқарилган хулосага кўра, Ўзбекистон ҳукумати бир жинсли муносабатларни декриминализация қилиш - жамиятда норозиликни уйғотиши ва мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги обрўсини туширишини таъкидлаб, ЖК 120-моддасини бекор қилиш талабини бажармай келмоқда.

Жумладан, ҳисоботга Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов берган жавоблар киритилган. Саидов, 120-модда бекор қилиниши учун “жиноят қонунчилиги умумий кўриб чиқилиши кераклиги”, “ҳукумат жамиятнинг Ўзбекистонда гомосексуалликка нисбатан кенг тарқалган ўта салбий муносабатни ҳисобга олиши керак”, деб таъкидлаган.

Бундан ташқари, ҳукумат расмийлари, ЛГБТ вакилларининг ҳуқуқлари ҳақида гапиришни истовчи фаолларнинг сўз ва фикр эркинлигини тақиқлаши ҳисоботда қайд этилган. Бу ўринда ЛГБТ ҳуқуқ бузилишлари ҳақида чиқишлар қилган таниқли блоггер Миразиз Бозоровнинг таъқибга олингани ва 3 йилга озодлиги чеклангани алоҳида эслатилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, бундай ички ҳужжатлар куч ишлатар тузилмалари ходимларига ЛГБТ вакиллари ҳуқуқларини бузиш ва уларни таъқиб қилиш ваколатини бераётганидан хавотирда. Бундан ташқари, бундай шахсларнинг ИИВ тузилмаларида қийноққа солиниши ҳам ҳужжатлар асосида ҳикоя қилинган.

ИИВ вакилларининг оператив-қидирув амалиётларини ўтказиш асносида ЛГБТ вакилларини тасвирга олиш ва Ўзбекистон қонунчилиги асосида кафолатланган шахсий дахлсизлик, айбсизлик презумпциясига зид равишда шахсий маълумотлар, тасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатиши ҳам ҳисоботда қораланган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам 2020 йил майида Ўзбекистон ҳукуматини Жиноят кодексидан 120-моддани чиқариб ташлашга чақирган.

2020 йил декабрда 9 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти айни мазмундаги чақириқ билан чиққан эди. Ўзбекистон расмийлари эса ушбу чақириқларга жавобан мамлакатда ЛГБТ мансубларига қарши зўравонликларга доир биронта ҳам ҳолат қайд этилмаганини айтишган.

Икки томоннинг розилиги асосидаги бир жинсли алоқа учун жиноий жавобгарлик постсовет ҳудудида фақат икки давлат - Ўзбекистон ва Туркманистонда сақланиб қолган. Хьюман Райтс Уотчнинг айтишича, Туркманистон бу борадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ниятида эканини билдирган.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти дунё бўйлаб лесбиянка, гей, бисексуал, трансгендер, квир ва интерсекс (LGBTQI) вакилларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашни устувор йўналишлардан бири, деб эълон қилган.

Таҳлилчилар жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Қўшма Штатлар билан инсон ҳуқуқлари юзасидан мулоқотни қайта бошлаган ва 2020 йилда ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари Шавкат Мирзиёев бу борада Каримов давридагидан кўпроқ сиёсий босим остида қолишини қайд этишган.

XS
SM
MD
LG