Ссылки доступа

Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 қурилишини бошлади


8 июнь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятида Қамбарота ГЭС-1 қурилишини бошлади.

Маросим тўғридан-тўғри трансляция қилиниб, давлат раҳбари мазкур объект қурилишининг дастлабки босқичига қарийб 1,5 миллиард сом маблағ ажратилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистон ушбу лойиҳага сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, «Датка-Кемин юқори вольтли линияларининг яқинлиги Қамбарота ГЭС-1 га электр энергиясини тақсимлаш схемаси, республика аҳолисини энергия билан таъминлаш масалалари бўйича энг кам харажат қилиш имконини беради».

Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасида баландлиги 256 метр бўлган тўғон, 5,6 миллиард киловатт/соат қувватга эга 1860 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станция ва 5,4 миллиард куб метр қувватга эга сув омбори қурилиши кўзда тутилган. Объектни қуриш муддати 8-10 йилни ташкил этади, биринчи гидроагрегатни эса «доимий молиялаштириш мавжуд бўлган тақдирда» тўрт йил ичида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

2021 йил март ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишга қарор қилгани, шу йилнинг май ойида эса Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ҳамкорликда қурилишга қизиқиш билдиргани хабар қилинган эди.

2012 йилда Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари Қамбарота-1 ва тўртта ГЭСдан иборат Юқори Норин каскадини қуриш бўйича келишув имзолаган эди. Аммо бошланган иш тўхтаб қолгани боис 2016 йилда Қирғизистон келишувни бир томонлама денонсация қилган.

Қамбарота-1 лойиҳасининг сўнгги техник-иқтисодий асоси Канаданинг СНС – Лавалин Интернэшнл Инк.» корпорацияси консорциуми томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, лойиҳа учун камида 2 миллиард 900 миллион доллар керак бўлган, бироқ харажатлар 3-4 миллиард долларга етиши мумкин. Станция қуввати 1864 мегаватт эканлиги эълон қилинди, бу эса 1200 мегаватт қувватда ишлайдиган Тўқтўғул ГЭС қувватидан кўпроқдир.

XS
SM
MD
LG