Ссылки доступа

Вазир ўринбосари: Назарбоевнинг яқин қариндошлари энди жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин


Қозоғистон адлия вазири ўринбосари Алма Муканова 8 июнь куни собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин қариндошлари Конституцияга киритилган ўзгартиришлар кучга кирганидан кейин таъқиблар дахлсизлигини йўқотганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг кўпчилиги ўзгартиришларни маъқуллаган референдумда Назарбоевнинг имтиёзларини назарда тутувчи «Биринчи Президент – Элбоши тўғрисида»ги қонун бекор қилинган. Ҳужжатда у билан бирга яшайдиган оила аъзолари учун кафолатлар ҳам кўрсатилган.

Муканованинг тушунтиришича, Назарбоевнинг ўзини жиноий жавобгарликка тортишнинг иложи йўқ, чунки «Президент тўғрисида»ги қонунда собиқ президентлар президентлик даврида содир этилган қилмишлари учун жавобгарликка тортилмаслиги керак бўлган қоида мавжуд.

Айни пайтда, Акорда сайтида «Биринчи президент тўғрисида»ги қонун Қозоғистон конституциявий қонунлари рўйхатидан олиб ташланди. Лекин бу сайтда эълон қилинган Конституция матнида ҳали ҳам биринчи президент ҳақида сўз юритилган моддалар бор.

5 июнь куни референдумда Конституцияга 56 та ўзгартириш киритилди, жумладан Назарбоевга тегишли. Хусусан, Конституциянинг 42-моддасидан Назарбоевга кетма-кет икки мартадан ортиқ президентликка сайланиш ҳуқуқини берган банд олиб ташланди; 46-моддадан биринчи президентнинг мақоми ва ваколатлари Конституция ва тегишли конституциявий қонун билан белгиланади, деган банд ҳам чиқариб ташланди; 91-моддадан биринчи президент мустақил Қозоғистоннинг асосчиси сифатидаги ва унинг мақомининг ўзгармаслиги ҳақидаги иборалар йўқолди.

Референдум бўйича Марказий комиссиянинг маълум қилишича, сайловчиларнинг 68 фоиздан ортиқ иштироки билан 77,18 сайловчи ўзгартиришлар қабул қилиниши учун овоз берган.

Назарбоев ўз мақоми билан боғлиқ янгиликларга изоҳ бермади. 5 июнь куни унинг матбуот хизмати Назарбоев ўз бюллетенини сайлов қутисига ташлаб, сайлов участкасидан ҳеч қандай изоҳ ва матбуотга нутқ сўзламасдан чиқиб кетгани акс этган қисқа видеони кўрсатди.

Тузатишлар амалдаги президент Қасим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан ёзилган бўлиб, уни Назарбоев 2019 йилда истеъфога чиққанидан сўнг ўзининг вориси этиб танлаган эди.

2022 йилнинг январигача Назарбоев, кузатувчилар фикрича, кенг ваколатларга эга бўлиб, давлат аппаратига таъсир кўрсатишда давом этди. Йил бошидаги қонли воқеалардан сўнг у нуфузли Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимини йўқотди ва ҳокимиятдаги партия раислигидан кетди (бу лавозимлар Тўқаевга ўтди). Кўп ўтмай Назарбоевнинг кўплаб қариндошлари мансабсиз қолди, оиланинг бир қанча аъзолари давлат маблағларини ўғирлашда айбланиб ҳибсга олинди.

Яқинда ҚазақГаз миллий компанияси 937 миллиард тенгедан (2,2 миллиард доллар) ортиқ қонунбузарликлар аниқланганини эълон қилди, шу йилнинг 14 январига қадар ушбу компания бошқаруви раиси Дариға Назарбоеванинг иккинчи эри деб аталган Қайрат Шарипбоев эди.

XS
SM
MD
LG