Ссылки доступа

Ўзбекистонда йил бошидан буён 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланди


Ўзбекистонда йил бошидан буён Суриядаги «Ислом давлати» ва «Тавхид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилотларга алоқадор 4 та яширин, 10 та «виртуал» гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, улар фаолиятига чек қўйилди.

Тошкент Ички ишлар бошқармаси пойтахтда террорчилик ташкилотлари аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Унда қайд этилишича, йил бошидан буён «Ислом давлати» ва «Тавхид ва жиход катибаси» террористик ташкилотларга алоқадорликда гумонланган 4 та яширин, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та «виртуал» гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Ушбу тоифадаги шахслар экстремистик ва террористик ташкилотлар мафкурасини тарғиб қилиш, ўзи турган мамлакатда қўпорувчилик ҳаракатларига чақириш, жангарилар лагерлари сафига қўшилиш ва ёллаш ҳамда терроризмни молиялаштириш билан шуғулланган.

Хусусан, йил бошида Тошкент шаҳрида 27 нафар шахсдан иборат яширин экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйилган бўлиб, гуруҳнинг айрим аъзолари жанговар ҳаракатлар юз бераётган ҳудудларга боришни режалаштирган ва халқаро террорчилик гуруҳларини молиялаштириш билан шуғулланиб келган.

Ҳозирда ушбу гуруҳнинг 11 нафар аъзосига нисбатан ИИВ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш), 244−1-моддалари (ишлаб чиқариш, сақлаш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−2 (Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда қатнашиш) моддалари билан айблов эълон қилинган.

Гуруҳ аъзолари пойтахтдаги маъмурий бинолар, аҳоли гавжум жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирганлар ҳамда террорчилик ташкилотлари фаолиятини молиялаштириб келишган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гуруҳ аъзоларидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари ва ниқобловчи буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

2022 йилда хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасида, қидирувда бўлган 59 нафар жангари ва террорчи-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Ушбу шахслар чет давлатларда террорчилик ташкилотлар сафига ёлланган бўлиб, уларнинг фаолиятини молиялаштириш, Суриядаги жангарилар лагерларига номзодларни ёллаш ва юбориш билан шуғулланган. Шунингдек, айримлари Ўзбекистонда ва ўзлари бўлиб турган мамлакатлар ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштириб келганлар.

ИИББ матбуот хизматининг қайд этишича, юқорида келтирилган экстремистик, террорчилик ва уюшган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор-тергов тадбирларининг барчаси амалдаги қонунчилик нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда, прокуратура идораларининг назорати остида ўтказилган.

XS
SM
MD
LG