Ссылки доступа

Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 2 та янги ГЭС қурилади


Қашқадарё вилоятидаги Ҳисорак ва Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сув омборларида йиллик 22 миллион киловатт соат қувватли 2 та янги кичик ГЭС қурилади.

Бу ҳақда 8 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сув омборларини модернизация қилиш ҳамда Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаларига оид тақдимот билан танишиш жараёнида маълум қилди.

2017 йилда Президент фармони билан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилган эди. Ўтган йили яна 4 та сув омбори ушбу жамият бошқарувига ўтказилди ва улар 6 тага етди. Хорижий компанияларни жалб этган ҳолда ҳар бир сув омборининг техник ҳолати ўрганиб чиқилди ва кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш тадбирлари белгиланди. Унга мувофиқ, тўғонлар, сув олиш ва чиқариш иншоотлари таъмирланмоқда, насос агрегатлари тикланмоқда.

Давлат раҳбари барча сув омборларини модернизация қилиш орқали хавфсизлигини ошириш, гидромеханик ускуналар ва ўлчов қурилмаларини янгилаб, тизимни рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу орқали ҳамма иш жараёни акциядорлик жамиятининг ситуацион-таҳлил марказига онлайн уланади ҳамда йилига қўшимча 120 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Ҳисорак ва Оҳангарон сув омборларида йиллик 22 миллион киловатт соат қувватли 2 та янги кичик ГЭС қурилади.

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигига сув омборлари ҳолатини мониторинг қилиб, космик сурат ва маълумотлар билан таъминлаш топширилди.

Кичик гидро электр станциялари қурилишига хусусий секторни жалб қилиш, олий маълумотли ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

XS
SM
MD
LG