Ссылки доступа

Москва бош раввини Украинадаги урушни дастаклашдан бош тортгани ортидан Россияни тарк этди


Москва бош раввини Пинхас Гольдшмидт Украинадаги урушни қўллаб-қувватлашдан бош тортгани ортидан Россияни тарк этди. Урушни дастаклашни ундан ҳукумат вакиллари талаб қилишган эди, деб ёзган Twitter'да унинг келини Авиталь Чижик-Гольдшмидт.

Раввин март ойи бошларида кетгани айтилмоқда. Келинининг айтишича, урушни ошкора қўллаб-қувватлашдан бош тортганидан сўнг Гольдшмидт хотини билан бирга ўзлари “33 йил яшаган, болаларини вояга етказган ҳамжамиятдан қувғин бўлишган”. Раввиннинг ўзи бу воқеалар юзасидан бирор изоҳ берган эмас.

Чижик-Гольшмидтга кўра, раввин рафиқаси Дара билан бирга украин қочқинлари учун маблағ йиғиш мақсадида дастлаб Венгрияга борган, сўнгра Қуддусда яшайдиган отаси касалхонага тушгач, Исроилга кўчиб ўтган.

Пинхас Гольдшмидт 1989 йилдан бери Москвада диний хизматда бўлган, 1993 йилда у илк бор шаҳарнинг бош раввини этиб сайланган. Жорий йилда кўчиб кетганидан сўнг ҳам уни ушбу лавозимга қайта сайлаганлар, деб хабар қилди Jerusalem Post.

Нашрнинг яҳудий ҳамжамиятидаги манбаларига кўра, Россия мулозимлари бошқа одам сайланишидан манфаатдор бўлганлар, аммо Исроил бош раввинлари аралашганидан сўнг уларнинг уринишлари зое кетган. Times of Israel газетаси Россия бош раввини Берл Лазар урушга очиқча қарши чиққанига қарамай, Россияда қолаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирининг “Ҳитлерда ҳам яҳудий қони бўлган”, “ашаддий антисемитлар одатда яҳудийларнинг ўзидан чиқади” деган гапларидан сўнг Россия билан Исроил ўртасида катта сиёсий можаро юзага келган эди. ТИВ раҳбари Лавровнинг бу сўзлари учун Россия президенти Владимир Путин узр сўрагани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG