Ссылки доступа

The Washington Post: Толибон Панжшердаги вазият ҳақидаги ҳақиқатни яширмоқда


Панджшер Архивное фото
Панджшер Архивное фото

The Washington Post газетаси Афғонистоннинг Панжшер водийсидаги вазият ҳақида мақола чоп этди. Исломобод ва Кобулдаги газета мухбирлари Толибон жангариларига анъанавий қаршилик кўрсатилаётган ҳудуддаги вазият билан танишиш учун Панжшерга йўл олди.

The Washington Post мақоласида таъкидланишича, Толибон Панжшердаги жанглар фактини яширишга ҳаракат қилган. «Толибон расмийлари минглаб толиблар водий бўйлаб ҳаракатланаётгани сабабли минтақада тўқнашувлар ва зўравонлик қўлланилганини қатъиян рад этади», деб ёзади муаллифлар Сюзанна Жорж, WP газетасининг Исломобод ва Кобул бўлими раҳбари ва мухбири Азиз Тассал.

Мақолада қайд этилишича, WP газетаси журналистлари Толибондан Панжшерга боришга рухсат олиб, толиблар ва Афғонистон Миллий қаршилик фронти жангарилари ўртасида тўқнашувлар кетаётган қишлоқларга ташриф буюрган, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашган.

WP газетасининг ёзишича, Толибон жангариларининг Панжшер водийсидаги ҳаракатлари уларнинг ҳукмронлиги Афғонистонда тинчлик ўрнатгани ва улар мамлакатда тўлиқ хавфсизликни таъминлашга қодир, деган даъволарни рад этади. «Бу ерда ҳаммаси жойида, ҳеч қандай тўқнашув йўқ», дейди Панжшердаги Толибон разведка бошлиғи Насрулло Маликзода.

Панжшер аҳолисининг айтишича, у ердаги Толибон позицияларига ҳужумлар тез-тез содир бўлган, ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, бир қанча тинч аҳоли эса Толибон томонидан қамоққа олинган.

«Бу ерда нима бўлганини ҳеч ким билмайди ва ҳеч кимга бу ерга келишига рухсат берилмайди. Қандай қилиб Панжшерга келишга муваффақ бўлдингиз, билмайман, — дейди маҳаллада мухбирларнинг борлигидан ҳайратда қолган 62 ёшли Гулзор исмли дўкон эгаси. Мақолада таъкидланишича, Толибон WP газетасига минтақадаги воқеаларни ёритишга рухсат берган.

Толибонга қарши қаршилик кучлари қўмондонларидан бирининг айтишича, улар Афғонистонга Ўзбекистон-Афғон ва Тожикистон-Афғон чегаралари орқали кирадиган фақат енгил қуроллар билан қуролланган. «Бизда етарлича қурол бор, аммо оғир қуролларимиз йўқ. Бизни бир қанча давлатлар қўллаб-қувватлаяпти, бироқ бизга кўпроқ ёрдам керак», — дея қўшимча қилди у.

Анонимлик шарти билан гапирган маҳалла оқсоқолларидан бири WP газетасига берган интервьюсида тўқнашувлар шиддатли бўлиб кетгани ва ҳар икки томондан қурбонлар ортганини айтган.

Мақолада Толибон кучлари ҳарбий техникаси боғлар ва дарёлар бўйида жойлашгани қайд этилган.

Толибоннинг Лағмондаги энг қобилиятли ва хавфли тузилмаси бўлган «Қизил отряд»нинг собиқ қўмондони Додмуҳаммад Ботор ҳозирда радикал ҳаракатнинг Панжшердаги махсус бўлинмаларининг энг юқори етакчиларидан бири ҳисобланади. «Бу ерда вазият нормал, биз ҳудудни патруль қиляпмиз, лекин ҳеч қандай ҳарбий амалиётлар ўтказмаяпмиз. Бу ерда биз асосан жиноий ҳуқуқбузарликларни текширамиз», деди.

Радикал Толибон ҳаракати раҳбарияти ҳозирча WP мақоласига изоҳ бермади.

Америка газетаси мақоласи Толибон жангарилари ва Афғонистон Миллий қаршилик фронти кучлари ўртасидаги шиддатли жанглар, ҳар икки томон талофатлари, қатллар ва тинч аҳолини қийноқларга солгани ҳақидаги хабарлар фонида чоп этилган.

2021 йил 15 август куни Толибон жангарилари ҳукуматнинг қаршиликларисиз Кобулни назорат остига олди. Миллий қаршилик жабҳаси Толибонга қарши курашни давом эттирмоқда ва ўзи яратган Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукуматини тан олмайди. Бугунга қадар дунёнинг ҳеч бир давлати Афғонистондаги Толибон ҳокимиятини расман тан олмаган.

XS
SM
MD
LG