Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро табиий зоналарни тиклаш ҳамкорлигини ривожлантирувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.
Лойиҳанинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини кўтариш орқали ландшафтларнинг барқарорлигини оширишдан иборат.
Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, қайтариш муддати 30 йил, шундан беш йили имтиёзли давр бўлган кредит тақдим этади.
Trast фондлар томонидан қўшимча молиялаштириш ажратилади: Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик фонди (3 млн доллар) ва Барқарор ва чидамли ландшафтлар учун глобал ҳамкорлик (8 млн доллар).
Ўзбекистон – ўрмонлари кам бўлган мамлакат. Ҳисобларга кўра, улар 3,68 млн гектарни эгаллайди, бу мамлакатдаги барча ер майдонларининг 8,6 фоизига тўғри келади.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган янги лойиҳа ҳукуматга 2020 йил октябрь ойида қабул қилинган 2030 йилгача Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш концепцияси қоидаларини амалга оширишда ёрдам беради, – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Бугунги кунда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури ташкилотнинг Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик амалиётидир. У умумий қиймати қарийб 5,4 млрд АҚШ доллари бўлган 29 та лойиҳадан иборат.
Жаҳон банки Ўзбекистонда деградацияга учраган ерлар ва ўрмонларни тиклаш мақсадида 30 йил муддатга 142 млн долларлик имтиёзли кредит ажратади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида яна иккита траст фонд қўшимча 11 млн доллар йўналтиради.