Ссылки доступа

Қирғизистон президенти “июнь воқеалари” такрорланишига йўл қўймаслик учун умумий мафкура зарурлигидан баҳс этди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўш ва Жалолобод вилоятларида юзлаб одам қурбон бўлишига олиб келган июнь воқеаларига 12 йил тўлиши муносабати билан мурожаатнома билан чиқди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Жапаровга кўра, ўшанда “ташқаридаги бузғунчи кучлар ва айирмачилар” халқ бирлигига путур етказишга ҳаракат қилишиб, ўз манфаатлари йўлида адоват оловини ёққанлар. Ўша фожиавий воқеалар, президент таъбирича, барча миллат ва элатлар бирлиги ҳамма нарсадан муҳимлигини яна бир карра кўрсатган.

“Мазкур фожиа бизнинг кўзимизни очди, давлат яхлитлиги учун ўз хатти-ҳаракатларимизда эҳтиёт бўлишимиз лозимлигини ойдинлатди. Бу воқеалар ҳар қирғизистонликни мамлакатимиз тақдири учун масъулият ҳис этишга мажбур қилди”, деган Жапаров.

Президент бу каби фожиавий воқеалар юз беришига йўл қўймаслик учун барча миллат ва элатларни бирлаштирувчи ҳамда ёшларни толерантлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган умумий мафкура зарурлигини урғулаган.

2010 йил 10 июнь куни Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро тўқнашув чиққан ва бир неча кун давом этган. Расмий маълумотларга кўра, июнь воқеаларида 446 киши вафот этган, қарийб икки минг киши турли даражада жароҳат олган. Шунингдек, 57 киши бедарак йўқолган, улардан 19 нафари ҳануз топилган эмас.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия ўшанда мазкур низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.

Июнь воқеаларидан аввалроқ (2010 йилнинг апрель ойида) Қирғизистонда халқ ғалаёни натижасида Муваққат ҳукумат иқтидорга келган эди. 2021 йилнинг баҳорида МХДҚ собиқ Муваққат ҳукуматнинг собиқ мулозимларига қарши очилган жиноят иши бўйича тергов қайтадан бошланганини маълум қилган.

Жорий йилда Бош прокуратура мазкур иш бўйича президент Садир Жапаров ҳамда МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев дохил қарийб 15 нафар собиқ ва амалдаги мулозим сўроқ бераётганини билдирган. Май ойида прокуратура собиқ Муваққат ҳукуматнинг уч аъзоси – Кенешбек Дуйшобаев, Исмоил Исақов ҳамда Бектур Асановга улар “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”да гумон қилинаётганлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу учовлон ҳозирда иқтидордаги ҳукуматнинг фаол танқидчилари саналади.

Кейинроқ маълум бўлишича, назорат органи Муваққат ҳукуматнинг 9 аъзоси, жумладан собиқ президент Роза Отунбаева ҳамда собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг мол-мулкларига доир маълумотларни ўрганмоқда.

XS
SM
MD
LG