Ссылки доступа

Қирғизистон Тожикистоннинг судланган икки фуқаросини Душанбега топширди


Қирғизистон Тожикистоннинг 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган икки фуқаросини жазони ўз ватанларида ўташ учун Душанбега топширди.

Бу ҳақда Озоди радиосига (Озодликнинг тожик нашри) Тожикистоннинг Сўғд вилояти прокуратурасидаги аноним манбаси маълум қилди. Гап Лейлек туман суди томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Тинчликка қарши жиноятлар» ва «Талончилик» моддалари билан айбдор деб топилган Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусовлар ҳақида кетмоқда. Дастлаб уларнинг ҳар иккиси ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ 2021 йил декабрида Боткен вилоят суди жазони алмаштириб, умрбод қамоқ жазосини 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирган.

Озоди манбасига кўра, маҳкумлар 7 июнь куни Бишкекдан Хўжандга олиб келинган ва ҳозирда вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда. Тожикистон Бош прокуратураси эса уларнинг ишини кўриб чиқмоқда ва яқин кунларда хулоса чиқаради.

Абдурозик Абдуқаҳҳоров ва Асқар Юнусовнинг яқинлари ҳар икки маҳбуснинг экстрадиция қилингани ҳақида ҳақиқатан ҳам эшитганликларини, улар ўз ватанларига олиб кетилганини, бироқ уларнинг яқинларига бу ҳақда ҳозирча хабар берилмаганини айтади. Қирғизистон Республикасининг расмий органлари ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермаган.

Ўтган йилнинг баҳорида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган қуролли можародан сўнг қўзғатилган жиноий иш бўйича иккала тожикистонлик ҳам судланган. Ўшанда қирғиз томондан 154 киши яраланган, 36 фуқаро, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган.

Бу тўқнашувдан сўнг қўшни давлат фуқароларини ушлаб, жавобгарликка тортиш ҳолатлари ҳар икки томонда ҳам тез-тез учраган. Хуллас, февраль ойи ўрталарида Тожикистонда 2021 йилда Қирғизистоннинг 39 нафар фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга олингани ва улар турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилингани хабар қилинган эди.

Жорий йилнинг май ойида Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари қўшни республикадаги ахлоқ тузатиш муассасаларида жазо ўтаётган Қирғизистон Республикаси фуқаролари билан учрашувлар ўтказди. Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон қамоқхоналарида сақланаётган қирғизистонликларнинг аниқ сони ҳақида маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG