Ссылки доступа

Қирғизистонда аквапаркда боланинг ўлимига алоқадор қутқарувчи ҳибсга олинди


Ала-Тоо аквапарк
Ала-Тоо аквапарк

«Ала-Тоо» аквапаркида 9 ёшли мактаб ўқувчисининг ўлими факти бўйича олиб борилаётган тергов-суриштирув ишлари доирасида аквапарк ходими қўлга олинди.

Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, у вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Бош назорат органининг эслатишича, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 127 («Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш») ва 297 («Истеъмолчиларга хавф туғдириш») моддалари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни вақтда Бишкек ҳокимлигининг хабар беришича, 10 июнь куни марҳум бола ўқиган 95-сонли мактаб директори Ойгул Шимовани ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бундан ташқари, икки директор ўринбосари ишдан бўшатилди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳар таълим бўлими томонидан тузилган комиссия иш натижаларига кўра ушбу мактабнинг олти нафар ўқитувчиси ва бошланғич синф ўқитувчиси ишдан олинган эди.

Ҳокимлик матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ҳокимлик вакиллари вафот этган боланинг онаси билан учрашиб, оилага ижтимоий ходим бириктирган. «Барча керакли ҳужжатлар расмийлаштирилади, онага ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади ва транспорт билан ҳам таъминланади», — дея ишонтиришди пойтахт ҳокимияти.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни «Ала-Тоо» аквапаркида 95-мактабнинг 3-синф ўқувчиси вафот этгани ҳақида маълум бўлган эди. Муассаса ходимлари фожиа куни ҳовузда 292 киши бўлганини тасдиқладилар: улардан 15 нафари ота-оналар, 9 нафари ўқитувчи, қолганлари ўқувчилар бўлган. Болаларни 13 нафар қутқарувчи кузатиб борган.

XS
SM
MD
LG