Ссылки доступа

Хоруғда расмийлар «уюшган жиноий гуруҳлар етакчилари» деб билувчи бир қатор шахслар қўлга олинди


Толиб Аёмбеков
Толиб Аёмбеков

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг хабар беришича, 11 июнь куни Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) уч маҳаллий раҳбар қўлга олинган.

«Ховар» Миллий ахборот агентлиги Тоғли Бадахшондаги Хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича идоралараро штабнинг 2022 йил 11 июнь куни ўтказилган махсус операция натижасида Хоруғ шаҳридаги уюшган жиноий гуруҳлар етакчилари Аёмбеков Толиб, Шанбиев Мунаввар ва Гулобов Ниёзшолар ушланиб, қамоққа олинганини маълум қилди.

Ҳабарда айтилишича, учала шахс ҳам қотиллик, безорилик, талончилик, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғлар, ўқ-дорилар ва қимматбаҳо тошлар контрабандаси ва ноқонуний муомаласи, жиноий ҳамжамият яратиш, бандитизм, тартибсизликлар каби бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларда иштирок этган.

Аввалроқ Озоди радиоси манбаси Хоруғдаги “Хлебзавод” маҳалласида отишма овозлари эшитилгани, хавфсизлик кучлари ушбу маҳаллага олиб борувчи йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берган эди. Толиб Аёмбеков, Ниёзшо Гулобов ва Мунаввар Шанбиевларнинг исмлари 2012 йилдан бери, Бадахшонда Миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаровнинг ўлдирилиши ва ўша йилги тартибсизликлардан сўнг Тожикистон хавфсизлик бўйича расмий ҳужжатларда қайд этилган.

Бу ҳужжатларда ўша йили ТБМВдаги тартибсизликларда Толиб Аёмбеков, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобовлар иштирок этгани, улардан бири Абдулло Назаровнинг ўлдирилишига алоқадорлиги кўрсатилган.

2021 йил 25 ноябрь куни Тоғли Бадахшоннинг Роштқалъа тумани Тавдем қишлоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида маҳаллий фуқаро Гулбиддин Зиёбеков ўлдирилганидан бери ТБМВдаги вазият оғирлигича қолмоқда. Кейинги норозилик намойишлари ва расмийлар билан тўқнашувлар чоғида яна икки киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди.

16 май кунги норозилик намойишларига ҳам, аҳолига кўра, Зиёбековни айбсиз ўлдирган ва жазосиз қолганларни жавобгарликка тортиш талаблари сабаб бўлган. Расмийлар Зиёбеков бир қанча оғир жиноятларни, жумладан, гаровга олиш ва маҳаллий адоватни қўзғатиш каби жиноятларни содир этганини ва у ҳибсга олишда қаршилик кўрсатгани учун ўлдирилганини даъво қилмоқда.

17 май куни Хоруғликлар ҳукумат уларнинг талабларини эътиборсиз қолдиргандан сўнг яна кўчага чиқди. Расмийлар уларга қарши махсус техника: резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Расмий маълумотларга кўра, ўша куни Хоруғлик бир фуқаро ҳалок бўлган, уч полициячи яраланган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир неча намойишчи ҳам яраланган.

Эртаси куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги «аксилтеррор операцияси» ўтказаётганини маълум қилди. Хавфсизлик кучларининг операцияси давомида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинди.

Тожикистон ҳукумати норозилик намойишлари ноқонуний бўлганини ва намойишчилар ноқонуний гуруҳларга аъзо бўлганини, улар хориждан пул ва мамлакатни беқарорлаштириш бўйича кўрсатмалар олганини айтишмоқда.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, улар бир неча ойдан бери расмийлар томонидан қаттиқ босим остида қолгани учун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиққан.

XS
SM
MD
LG