Ссылки доступа

Ўзбекистонда Германия фуқаросининг ўлими бўйича беш киши судланди


Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида тадбиркорлик билан шуғулланиб келган, асли афғонистонлик Германия фуқароси бўлган 47 ёшли Абдулваҳоб Қаюмийнинг ўлими бўйича беш киши судланди, деб хабар берди «Севимли» телеканалининг «Замон» дастури.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Незаҳат Қаюмий судда жабрланувчи сифатида иштирок этиш учун Германиядан келди. У турмуш ўртоғи учун Ўзбекистон ўз ватанига айланганини таъкидлади. Германияга қайтишни сўрашганида, Абдулваҳоб Қаюмий бунга жавобан оиласини Ўзбекистонга таклиф қилган ва ушбу мамлакатда қиладиган ишлари кўп эканини айтган. «У бизнес билан шуғуллана бошлаганидан кейин Германияга кўп саёҳат қилмади», — деди аёл.

Дастурда қайд этилишича, ушбу туманда истиқомат қилувчи беш фуқаро Қаюмийнинг ижарага олган уйига ниқоб кийган ҳолда бостириб кирган. Босқинчилар дастлаб уйни электр тармоғидан, хавфсизлик камераларидан узишган. Айбланувчилар марҳумни таёқ ва металл буюмлар билан уриб, қўл ва оёқларини синдиришган. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган ва ўша ерда вафот этган.

Айбланувчилардан бири, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган шахс Германия фуқаросидан гиёҳванд моддаларни ўғриламоқчи бўлишгани, чунки бу ҳудуд ёшларини заҳарлаганини айтди.

Муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган шахс Германия фуқаросининг уйига электрчи сифатида таклиф қилинган. Ишни тугатгандан сўнг у катта миқдорда пул бор деган гумонга бориб, ўғрилик уюуштиришни режалаштирган. Бу ишга ўзининг тўрт шеригини ҳам таклиф қилган ва уларга икки халта гиёҳванд моддаларни ўғрилаш режалари ҳақида маълум қилган. Бироқ улар уйда пул топа олишмаган.

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди судланувчиларни Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «в» банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб талон-торож қилиш) ва 104-модда 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш туфайли жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиш) билан айбдор деб топди.

Жиноий гуруҳ раҳбари 19 йилга, унинг уч шериги 16−18 йилга озодликдан маҳрум этилди. Уларни марҳумнинг уйига олиб борган такси ҳайдовчиси 13 йилга қамалди.

XS
SM
MD
LG