Ссылки доступа

Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларнинг 70 фоизи ёшлардан келиб тушган


Конституциявий комиссия матбуот хизмати куни кеча брифинг ўтказди. Унда фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида келиб тушаётган таклифлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, 11 июнь ҳолатига кўра жами 20 148 та таклиф келиб тушган. Уларнинг аксарияти «meningkonstitutsiyam.uz» платформаси орқали қабул қилинган. Таклифларнинг 11 306 таси эркаклар, 6 422 таси эса аёллар томонидан юборилган. 2 420 таси эса аноним жўнатилган.

Статистика таклифларнинг 70 фоизидан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардан келиб тушганини кўрсатган. Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах вилоятларидаги фуқаролар бошқа ҳудудларга нисбатан фаол бўлган.

Таклифлар олимлар, мутахассислар иштирокида кенг муҳокама қилиниб, норма ҳолатига келтирилган. Уларнинг аксарияти инсон ҳуқуқлари, мазкур ҳуқуқларнинг кафолатлари, оила институти, суд ҳокимияти ва бошқаларга оид масалалар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 20 май куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланганди.

26 май куни Конституциявий комиссиянинг дастлабки йиғилишида фуқароларнинг таклифлари билан ишлаш механизми маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG