Ссылки доступа

Бишкекда тадбиркорлар яна митингга чиқди


13 июнь куни Бишкекда 200 дан ортиқ тадбиркор президент маъмурияти ва вазирлар маҳкамаси олдида митинг ўтказди.

Улар назорат-касса машиналаридан (НКМ) мажбурий фойдаланишга ва ҳисоб-фактураларни жорий этишга қарши ва патент тизимидан воз кечишни талаб қилмоқдалар.

Бугун Талас вилоятида ҳам НКМга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Митинг иштирокчиларини Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров тинглади. Натижада у назорат-касса машиналарини ўрнатишга 10 кунлик мораторий жорий этилишини, шунингдек, жарималар олиб ташланишини маълум қилди. У Қирғизистоннинг турли вилоятларидан 10 кишини тўплашга чақирди. «Биз биргаликда ечим топишга ҳаракат қиламиз. Инвойслар сизга тааллуқли эмас, бу фақат етказиб берувчиларга тегишли», деди у.

11 июнь куни Оқилбек Жапаров “Дордой” озиқ-овқат бозори тадбиркорлари билан учрашди ва улар ҳам НКМ ўрнатилишига қарши чиқишди. Ўз навбатида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари тадбиркорларни очиқ ишлашга, солиқларни виждонан тўлашга чақирди. Шунингдек, у 1 августдан назорат-касса машиналаридан фойдаланишга қўйиладиган талаблар кучайтирилишини эслатди.

Қирғизистон Республикасининг 18 январда қабул қилинган Солиқ кодексига кўра, мамлакатдаги барча тадбиркорлик субъектлари назорат-касса машиналаридан фойдаланган ҳолда ишлаши керак. Аммо бу тадбиркорларнинг норозилигини уйғотди ҳамда бизнес ва ҳокимият ўртасидаги қарама-қаршиликка олиб келди. Пойтахтнинг “Дордой”, “Таатан” ва “Дордой-Моторс» бозорлари савдогарлари дастлаб акцияга чиққан бўлса, кейинроқ ҳудудларда ишлаётган тадбиркорлар бу янгиликларга тайёр эмасликларини билдириб, ўз норозиликларини билдиришди.

Сўнгги ана шундай норозилик намойишларидан бири 6 июнь куни Ўш мерияси биноси ёнида 30 га яқин тадбиркор чиққан пикет ва май ойи охирида Бишкек, Талас ва Иссиқкўл вилоятларида ўтказилган митинглар бўлди.

XS
SM
MD
LG