Ссылки доступа

Хоруғда икки норасмий етакчи махсус операция давомида «зарарсизлантирилди»


Зоир Раджабов и Хурсанд Мазоров
Зоир Раджабов и Хурсанд Мазоров

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларининг айтишича, Хоруғнинг норасмий етакчилари Хурсанд Мазоров ва Зоир Ражабов «ҳокимиятга таслим бўлиш талабларини эътиборсиз қолдирган» ва махсус операция давомида «зарарсизлантирилган».

Айни пайтда Pamir Daily News портали манбасига таяниб, Мазоров ва Раджабов ўзларини портлатиб юборгани ҳақида хабар берди. Тоғли Бадахшонда интернет йўқлиги ва телефон алоқаларидаги носозликлар туфайли содир бўлган воқеа ҳақида ҳеч қандай маълумот ва тафсилотларни олишнинг имкони бўлмаяпти.

ТБМВдаги Хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича идоралараро штабнинг 12 июнь куни кечқурун маълум қилишича, махсус операция Зоир Ражабов ва Хурсанд Мазоров «тергов ҳаракатлари ўтказиш учун бир неча бор ҳуқуқ-тартибот органларига расман чақирилгани, бироқ ҳар сафар атайин маъмурий органларнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортди».

Расмий маълумотларга кўра, 50 ёшли Мазоровга нисбатан Жиноят кодексининг 11 моддаси, жумладан терроризм, қотиллик, наркотик моддалар савдоси, 50 ёшли Ражабовга нисбатан эса Жиноят кодексининг 8 моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинлари воқеа юзасидан изоҳ бермаган.

«Хурсанд Мазоров ва Зоир Ражабов махсус бўлинма ходимларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ихтиёрий таслим бўлиш тўғрисидаги талабларига бўйсунмай, Ф-1 гранаталари ва Калашников автоматларидан фойдаланган ҳолда қуролли қаршилик кўрсатган. Жавоб ўқлари натижасида жиноятчилар зарарсизлантирилди», — деб ёзади идоралараро штаб.

Зоир Ражабов ва Хурсанд Мазоровлар бир вақтлар Имомназар Имомназаровнинг яқин сафдошлари бўлган. Собиқ дала қўмондони Имомназаров 2012 йилда Хоруғдаги ўз уйида номаълум кимсалар томонидан ўлдирилган. Раджабов ва Мазоров ТБМВда фуқаролик фаоллари ҳисобланган, бироқ расмийлар уларни доимий равишда “Хороғдаги жиноий гуруҳлар етакчилари» деб атаган.

Аввалроқ Хоруғлик манбалар 12 июнь куни Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурий марказидаги “Тирчид” маҳалласида ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус операцияси ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. “Тирчидга борадиган йўл бир неча томондан тўсилган. Ҳар томондан отишма эшитилмоқда, ниқобли одамлар уйма-уй юриб, Хурсанд Мазоров, Зоир Раджабов ва уларнинг шерикларини қидирмоқда», деди Озоди радиосининг Хоруғдаги суҳбатдошларидан бири.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 11 июнь куни “Хороғдаги уюшган жиноий гуруҳнинг уч етакчиси Толиб Аёмбеков, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобовни ҳибсга олганликларини» маълум қилди. Уларнинг ҳибсга олиниши май ойида Хоруғ ва Рушон вилоятида содир бўлган воқеалардан кейин содир бўлган.

XS
SM
MD
LG