Ссылки доступа

Россия олигархларининг учоқлари санкцияларга “чап берганча” Европа осмонида парвозларни давом эттирмоқда


Россиялик олигархларнинг шахсий учоқлари санкцияларни четлаганча Европа осмонида парвоз қилишда давом этяпти. Бу учоқларда 30 га яқин рейс бажарилгани қайд этилган, дея хабар қилди Германиянинг Welt нашри.

Март ойи ўрталарида Британия ҳукумати Роман Абрамовичнинг дўсти ҳисобланмиш миллиардер, Millhouse ширкати раҳбари Евгений Швидлернинг учоғини ҳибс қилган эди. Ҳибсга қадар учоқ Евроиттифоқ доирасида, жумладан Германия ҳаво ҳудудида саккиз марта парвоз қилган. Сўнгги бор Швидлернинг учоғи 18 март куни Ҳамбургдан Лондонга учган.

Россиялик яна бир олигарх Алишер Усмоновнинг учоғи 28 февраль куни (ҳаво ҳудуди ёпилишининг эртасига) Мюнхендан осмонга кўтарилган. Тадбиркорга тегишли бошқа учоқ эса бу пайтда Флоренциядан Тошкентга йўл олган.

Россиялик тадбиркор Альберт Авдоляннинг Сан-Маринода қайддан ўтказилган ва Швейцария ширкати бошқарадиган учоғи иккинчи март санасида Ниццадан Истанбулга учиб борган.

Олигарх Виктор Вексельбергга оид ва Люксембургда қайд қилинган учоқ ҳам апрелда Европани тарк этишга муваффақ бўлган. У Базелдан парвоз қилган ва ЕИ ҳаво ҳудудини кесиб ўтиб, Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга қўнган.

Бундан ташқари, миллиардер Александр Занадворовнинг вертолёти Франция бўйлаб бемалол учиб юрибди. Санкциялар жорий этилганидан бери вертолёт камида саккиз марта ҳавога кўтарилган.

Бизнес-жет ва вертолётлар парвозларини давом эттираётгани улар Россиядан ташқарида рўйхатдан ўтказилгани ва қоғозда рус ширкатларига тегишли эмаслиги билан изоҳланмоқда. Мулкчилик тузилмаси шаффоф бўлмагани, офшорлар ва қалбаки ширкатлар туфайли олигархларнинг учоқларини назорат қилиш қийин бўлаётир.

Россия Украинага ҳужум бошлагани ортидан унга қарши жорий этила бошланган санкциялар доирасида ЕИ ўз ҳаво ҳудудини Россия учоқлари учун ёпган. ЕИ ва АҚШ қатор рус тадбиркорларига қарши санкциялар киритган, уларнинг активлари музлатилган, яхта ва учоқлари ҳибс олинган, ўзларига эса Европа мамлакатларига келиш тақиқлаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG