Ссылки доступа

Москвада Қирғизистон Республикаси фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди


Қирғизистон Республикаси ИИВ маълумотларига кўра, Москва ва Москва вилояти ҳудудида маълум бир уюшган жиноий гуруҳ ватандошларидан товламачилик билан пул ундираётгани ва уларга қарши ҳаракат қилаётгани ҳақида маълумот бўлган.

Кейинроқ Қирғизистон Республикаси ИИВнинг Россиядаги ваколатхонаси томонидан ушбу уюшган жиноий гуруҳга Норин вилоятида туғилган, муқаддам қотиллик, талончилик, безорилик ва фирибгарлик жиноятларида судланган A.A. раҳбарлик қилаётгани аниқланган. Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тезкор қайдномасида у уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси ҳисобланади.

10 июнь куни Қирғизистон Республикаси ИИВнинг Москвадаги ваколатхонасига қирғизистонлик фуқаро мурожаат қилиб, 32 ёшли қариндоши ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берган. Кейинроқ, 1990 йилда туғилган жабрланувчи И.М. ижарага олинган хонадонлардан бирида топилиб, у қариндошларидан 1 миллион 800 минг рубль ундириш мақсадида сақланган.

Жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, Қирғизистонда туғилган 8 нафар фуқаро – Ўш, Жалолобод, Талас ва Боткен вилоятларидан келган 19 ёшдан 40 ёшгача бўлган муҳожирлар қўлга олинди. Ушбу уюшган жиноий гуруҳ раҳбари, аввал тилга олинган A.A. ҳам қўлга олинган.

Қўлга олинганларга нисбатан “Уюшган гуруҳ томонидан одам ўғирлаш”, “Уюшган гуруҳ томонидан, ўта йирик миқдорда мол-мулкни қўлга киритиш мақсадида зўрлик ишлатиб, товламачилик қилиш” моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Қирғизистон Республикаси ИИВ хабарига кўра, ҳозирда қўлга олинганларнинг илгари содир этилган жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари аниқланмоқда. Департамент “ватандошлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатини назорат қилиш” ишини давом эттиришига ишонтирди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 1 миллион 118 минг фуқароси хорижий давлатларда, бир миллиони Россияда меҳнат қилмоқда. Сўнгги тенденциялар шуни кўрсатадики, Москвада Марказий Осиёдан келган муҳожирларга нисбатан «Зўрлаш», «Қароқчилик» ва “Гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш” моддалари бўйича суд қилиниш ҳолатлари кўпайган.

XS
SM
MD
LG