Ссылки доступа

Тўйда келинга мушт туширган куёвга иш очилди (видео)


Ўзбекистонда куёвнинг никоҳ кечаси келиннинг бошига мушт туширгани акс этган видео жаҳон ОАВларида резонанс уйғотди.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси матбуот хизматига кўра, воқеа шу йилнинг 6 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ўтган никоҳ тўйида содир бўлган.

“Маросимда келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик берилиб, уни ким биринчи бўлиб очиш (“Сюрприз” ўйини) ўйини ўтказилган.

Ўйин давомида келин биринчи бўлиб ширинликни очганлиги сабабли бу ҳолатдан куёвнинг жахли чиқиб келинни бир маротаба урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан фуқаро Х.Р. (куёв) га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судга юборилди”, - дейилади 15 июнь кунги баёнотда.

Бундан ташқари, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Тўйдаги ҳодиса видеоси шу ҳафта бошида Телеграм ва Инстаграм тармоғида тарқалганди.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Ақида Ханум ҳам уни Facebook саҳифасида эълон қилди.

“Жуда катта резонанс бўлди. Куёвнинг кимлигини ҳам аниқладим. Бу бола бозорда ишлайди, арава тортади. Қаердан десам, Сурхондарёнинг Узун туманидан. Булар учта ака-ука, ҳаммаси машина бозорида аравакашлик қилишади, дейишди. Лекин йигит ҳақида жуда ижобий фикрда эдик, ҳайрон бўлиб қолдик, деган гапларни ҳам айтишди. Оғир-босиқ, сипо йигит экан.

Видеони кўпчилик кўрган бўлса керак. Тўйда мусобақа ўйналяпти. Келин ютган, қўлини кўтарса, ҳамма қарсак чалди, шу пайти куёв жуда қаттиқ зарба билан келинни бошига қараб урди, ёнидаги куёв жўра ҳам кулиб турибди. Кўпчилик ижтимоий тармоқда шу постни қўйганимдан кейин изоҳларда ёзган - келинни ақли бўлса кетарди, ажрашарди ва ҳоказо. Ҳозирдан шунақа бўлса, кейинчалик ундан ҳам бешбаттар қилади”, - дейди Ақида Ханум Озодлик билан суҳбатда.

Тўйда куёвнинг келинга мушт тушириши Ўзбекистонда биринчи ҳолат эмас.

“Бу видеода музликни учини кўрдик холос. Ваҳоланки, биз ундан ҳам даҳшатли нарсаларни кўриб келмоқдамиз. Бизнинг жамият учун нормал ҳолат бўлиб қолган. Афсуски, жамиятимизда аёл кишининг ўрни энг пастда деб кўрилади. Аёл киши бунга сабр қилиб яшаб ўтиши керак, жафокаш аёлларимиз. Аёллардан шикоят тушмаса, ички ишлар ҳам қанақа иш кўриши мумкин? Нимани тергов қилиши мумкин? Тўғри, факт бор, лекин келин томон мен ўзим яшайман, дейди. Бу оила ажрашмайди, чунки қизга энди кимга кераксан, деган гаплар бўлади”, - дейди маиший зўравонлик ҳолатларини ёритиб келадиган блогер Ақида Ханум.

Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёллар шикояти кўп ҳолларда маҳалладан нарига ўтмаслиги айтилади.

Эр-хотинларга ажралиш учун судга ариза топширишдан аввал маҳалла қўмитасидан рухсат олиш шарт қилиб қўйилган.

Зўравонликдан тўйиб¸ ажрашишга қарор қилган аëллар эса маҳалла оқсоқоллари ва Хотин-қизлар қўмитаси ходимларининг “сабрли бўлиш¸ эр ва қайнонага итоат қилиб яшаш керак”, "эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши", деган насиҳатлари билан аҳдидан қайтарилади.

Ички ишлар бўлимлари ҳам эридан калтак еган аёлларнинг шикоятларини камдан-кам ҳолатда регистрация қилади ëки кўриб чиқади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид қилиб келадилар.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, 2019 йилда мамлакатдаги Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказларига 22 мингдан ортиқ хотин-қиз мурожаат қилган. Худди шу йили 1000 га яқин аёл маиший зўравонлик қурбони бўлгани айтилади.

В Узбекистане жених ударил невесту прямо на свадьбе
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:03:30 0:00
XS
SM
MD
LG