Ссылки доступа

Демократик партия етакчиси Жанболат Мамайни ҳибсхона биноси ёнида сафдошлари 34 ёши билан табриклади


15 июнь куни рўйхатдан ўтмаган Демократик партия етакчиси Жанболат Мамайнинг бир гуруҳ сафдошлари у жойлашган ЛА-155/18 тергов изоляторига келиб, уни туғилган куни билан табриклади. Мамайнинг рафиқаси Инга Иманбай ҳам эрини табриклагани келди.

Тергов изоляторида сақланаётган фаолни қўллаб-қувватлаш учун келганлар орасида сиёсий партия тузмоқчи бўлган Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Толеген Жукеев, журналист, жамоат арбоби Рисбек Сарсенбаюли, Булат Абилов, ҳуқуқ фаоли Ерлан Калиев ҳам бор.

Иштирокчилар қўлларида “Жанболатнинг маҳкамаси – келажак судидир”, “Тўқаев, Жанболат Мамайни озод эт!” деган ёзувлар туширилган баннерларни ушлаб туришган. Мамайнинг ҳамкори Абзал Достияровнинг айтишича, Жанболат ўзининг учинчи туғилган кунини қамоқда ўтказмоқда.

- "Лекин ҳокимият Жанболатни синдира олмайди. У курашни тўхтатмайди”, — деди Достияров.

Қамоқхона олдида тўпланган бир гуруҳ ҳаво шарларини осмонга учирди.

34 ёшли Жанболат Мамай 26 февралдан бери Олмаотада ҳибсда сақланмоқда. У январь воқеаларида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган митингдан сўнг ҳибсга олинган, тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузганликда айбланиб, 15 суткага маъмурий қамоққа олинган. Ҳибсга олиш муддати тугагач, Мамай “қасддан ёлғон маълумот тарқатиш” ва “ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш”да гумонланувчи сифатида тергов изоляторига ўтказилди.

Мамай тартибсизликларга алоқадор эмаслиги ҳақида гапиради ва таъқибни сиёсий сабабларга кўра, дейди. Мамайнинг айтишича, у 4 январь куни тинч митингга чиққан, 5 январь куни иккинчи тинч митингга чиқаётганида фуқаро кийимидаги номаълум шахслар уни калтаклаган, шундан сўнг рафиқаси уни уйига олиб кетган ва у ерда даволаниш учун қолган.

Ўтган ҳафта Freedom House халқаро ноҳукумат ташкилоти ҳам Жанболат Мамай “тинч намойиши учун янги айбловлар қўйилганидан” хавотир билдирди. Бундан олдин Халқаро Амнистия ташкилоти Нур-Султонни фаолни озод қилишга чақирган. Бундан ташқари, бир гуруҳ қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Мамайни “сиёсий маҳбуслар” рўйхатига киритган.

Шу ҳафтада Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Right Watch ўз баёнотида Нур-Султонни рўйхатдан ўтмаган мухолифатдаги Демократик партия етакчиси, фаол Жанболат Мамайга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тўхтатиб, уни ҳибсдан озод қилишга чақирди.

XS
SM
MD
LG