Душанбе ИИББ ва прокуратураси собиқ давлат хавфсизлик ходимининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотга изоҳ бермади. Мамадсултон Мавлоназаров (Муҳаммади Султон) Тожикистон расмийларининг ижтимоий тармоқларда, жумладан, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги май воқеалари билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини мунтазам танқид қилган. У яқинда Facebookдаги саҳифасида шу йилнинг апрель ойида милиция ходимлари уни 101-микрорайонда ушлаб, сўроққа олиб кетишга урингани ҳақида хабар берган эди.
Мавлоназаровнинг яқинларининг 16 июнь куни айтишича, пайшанба куни эрта тонгда милиция кийимидаги 9 киши собиқ давлат хавфсизлик хизмати ходимини тўшагида ётганида ҳибсга олган. “Унинг оёқ кийим кийишига рухсат берилмаган ва уни ялангоёқ машинага мажбуран ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетишган. Ҳозир қаердалигини билмаймиз”, - деди унинг яқинларидан бири.
Ички ишлар вазирлиги, прокуратураси ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси пойтахтнинг Сино тумани бўлими ходимлари Мавлоназаровнинг яқинларига унинг қаердалигини билмаслигини маълум қилган.
Мамадсултон Мавлоназаров 70 йилларда “Комсомол Тожикистон” ёшлар газетасида мухбир бўлиб ишлаган, кейин ўзи Facebookда ёзганидек, Тожикистон КГБга ишга кетган.
Ҳозир собиқ давлат хавфсизлик хизмати ходими нафақада. Мавлоназаров Facebookда тез-тез постлар эълон қилиб, унда хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг амалдаги раиси Саймўмин Ятимовни танқид қилган. Мавлоназаров ўзининг сўнгги нашрларидан бирида хонадонида тинтув ўтказгандан сўнг шундай ёзган эди: “Академик С. Ятимовнинг ходимлари барча инсон ҳуқуқлари нормаларини бузган ҳолда, даҳшатли 1937 йил ва Берияни эслатувчи очиқ ва суддан ташқари таъқибларни «қаҳрамонларча» давом эттирмоқдалар”.
Тожикистон ҳукумати собиқ давлат хавфсизлик ходимининг нашрларига ҳозирча муносабат билдирмаган. Мамадсултон Мавлоназаров нима учун ҳибсга олингани ҳозирча номаълум.