Ссылки доступа

НАТОга аъзо давлатлар вазирлари Украинани дастаклашда давом этиш юзасидан келишиб олишди


Россия тажовузи ўйин қоидаларини ўзгартириб юборди, шунинг учун ҳам НАТОнинг вазифаси бундан буён қатъий тийиб туриш ва қудратли мудофаани сақлашдан иборат бўлади. Бу ҳақда бош котиб Йенс Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг учрашувида билдирган.

Столтенбергга кўра, учрашувда вазирлар Россия қарши курашда Украинани бундан буён ҳам дастаклаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда НАТО коллектив муҳофаза салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳақида келишувга эришганлар. Бу альянснинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш учун қўшимча жанговар бўлинмалар ташкил этилиши ҳамда НАТО мудофаа салоҳиятини ошириш учун қурол-аслаҳа захиралари кўпайтирилишини англатади.

Украинада тўхтовсиз давом этаётган жанговар ҳаракатлар манзарасида расмий Киев ўзига кўпроқ қурол-аслаҳа ажратишни сўрамоқда. Президент маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинага бошқа ҳарбий анжомлардан ташқари зудлик билан камида мингта гаубица, 300 та ракета тизими ва 500 та танк лозимлигини билдирган.

Жорий ой охирида НАТОнинг Мадриддаги саммити бўлиб ўтиши керак. Унда мазкур ҳарбий-сиёсий иттифоқнинг янги стратегик концепцияси мувофиқлаштирилади. Янги концепцияда Россияга нисбатан умумий позиция ва Хитойдан бўлажак таҳдидга жавоб чоралари акс этади.

XS
SM
MD
LG