Ссылки доступа

Қирғизистонда ерларни рухсатсиз тортиб олганлик учун жазони кучайтиришни таклиф қилмоқда


Қирғизистон Республикаси Адлия вазирлиги Жиноят кодексига ер участкаларини ўзбошимчалик билан тортиб олганлик учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқда.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Вазирлар Маҳкамасининг веб-сайтида эълон қилинган.

Жиноят кодексида бировнинг ер участкасини ўзбошимчалик билан тортиб олганлик учун жарима миқдорини ҳозирги 20-50 минг сомдан 50-100 минг сўмгача (650-1200 доллар) ошириш таклиф қилинмоқда.

Эндиликда ерни зўравонлик қўллаш орқали тортиб олган тақдирда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлса, қонун лойиҳасида уни 7 йилгача ошириш ва ерни қайтариб бериш бўйича норма қўшиш таклиф қилинмоқда.

Адлия вазирлиги Жиноят кодексига мансабдор шахслар, томорқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ёки ижарачиларга нисбатан – “қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан олиб қўйишнинг олдини олиш чораларини кўрмаганлик учун” жазони назарда тутувчи янги модда қўшишни таклиф қилмоқда. 30 минг сомдан 70 минг сомгача жаримадан ташқари, жамоат, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш, муайян лавозимни эгаллаш ҳуқуқи каби жазо турлари ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, “ерни қасддан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтирганлик” учун 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам кўзда тутиш таклиф қилинмоқда.

Жиноят кодексининг ажратилган ёки ер участкасини ўзбошимчалик билан кенгайтириш моддасида жарима миқдорини 30 000 сомга ошириш таклиф қилинган.

Президент Садир Жапаров апрель ойида “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш фактларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган бўлиб, унда бир қатор бошқармаларга ерларни олиб қўйишнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш топширилган эди.

Жорий йилнинг август ойида Садир Жапаров “Ер участкаларини бошқа жойга ўтказиш (трансформация қилиш) тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларни имзолаган, унга кўра республика бўйича 1712 гектар ер трансформация қилинган.

XS
SM
MD
LG