Ссылки доступа

Суд тўйда келинни урган куёвни жазоламади


Сурхондарёдаги тўйда келинни урган куёв жазодан қутулиб қолди. Суд келиннинг даъво ва аризаси йўқлиги сабабли маъмурий жазо қўлламади.

Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги тўйда келинни урган куёв узр сўраб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берди. Қизнинг онаси куёви кечирим сўраганини тасдиқлади, дейилади Mening Yurtim телеканали хабарида.

«Мен ўзимни ушлаб туролмадим, қўлим кетиб қолди. Тушунмовчилик ҳал бўлгандан кейин тўй давом этди. Келиндан кечирим сўрадим. Бу бошқа такрорланмайди», — деди куёв.

Телевидение хабарида қайд этилишича, ёш келин-куёв бир йил аввал унаштирилган. Улар 10 май куни ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишган, лекин никоҳ гувоҳномасини 15 июнь куни — тўйдан 9 кун ўтиб олган.

Видеода куёв келинни урганидан сўнг бир аёл келиб, келинни саҳнадан олиб тушгани акс этган. У қизнинг онаси эканлиги ҳақидаги тахмин тасдиқланди. Телеканалга берган интервьюсида она куёвнинг қариндошлари кечирим сўрагач, тўй давом этганини гапириб берди. У қизи билан телефонда гаплашиб туришганини, ёш келин-куёв яхши яшашаётганини айтди.

Туман ИИБ томонидан куёвга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилган. Бироқ келиннинг даъво ва аризаси йўқлиги сабабли суд куёвга нисбатан жазо қўлламаган, дейилади хабарда.

Ушбу видео хорижий ОАВда кенг муҳокама қилингани ҳақида ёзган эди. Ҳолат ҳақида Германиянинг Bild нашри ёзди ва Кореянинг JTBC телеканали ўз эфирида видеони намойиш қилди.

XS
SM
MD
LG