Ссылки доступа

Қозоғистонлик депутат нархлар ошиши сабаб аҳолига 100 миллиард тенге тақсимлашни таклиф қилмоқда


Парламент депутати Аманжан Жамалов 20 июнь куни парламент палаталарининг қўшма йиғилишида кам таъминланганлар ўртасида 100 миллиард тенгени тақсимлашни таклиф қилди.

Нархлар ошишини чеклаш учун ҳукумат деярли 100 миллиард тенге ажратди. Нашр маълумотларига кўра, шундан 81 миллиарди чакана савдо тармоқларини имтиёзли кредитлаш учун ажратилган. 16,8 млрд. эса - барқарорлаштириш фондларини шакллантириш учун.

“Ҳеч қандай эффект йўқ - нархлар эса кўтарилди. Бу пулларни чакана савдо тармоқларига эмас, тўғридан-тўғри аҳолига тарқатиш яхшидир. Бизда бир миллионга яқин камбағаллар бор. Нархларнинг кўтарилишидан улар энг кўп зарар кўради. Нархларнинг ўсишини тўхтата олмасангиз, аҳолини бевосита қўллаб-қувватланг, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга мақсадли субсидиялар беринг. Ишончим комилки, бу пулни чакана савдо тармоқларига тарқатишдан кўра фойдалироқ бўлади”, - деди Жамалов.

Қозоғистон ҳукумати сўнгги йилларда инфляция ўсишини тўхтатиш учун беҳуда ҳаракат қилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлигининг Миллий статистика бюроси 2021 йил март ойидан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15 фоиздан кўпроққа ошгани ҳақида хабар берган эди.

Ўтган ҳафта Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов май ойида мамлакатда йиллик инфляция 14 фоизни, озиқ-овқат инфляцияси 19 фоизга етганини айтди. Миллий банк прогнозларига кўра, Қозоғистонда 2022 йил охиригача инфляция 13-15 фоиз оралиғида ошиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG