Ссылки доступа

Генерал Курилла: Вертолётлар Толибонга қайтарилмайди, улар Тожикистонга топширилади


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

АҚШ ҳукумати ўтган йилнинг август ойида радикал Толибон (Тожикистонда тақиқланган) ҳокимият тепасига келганидан сўнг афғон ҳарбийлари мамлакатни тарк этган самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини ёки барчасини Тожикистонга бермоқчи.

Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Эрик Курилланинг ОАВга ёзма жавобида айтилди. Аввалроқ «Толибон» раҳбарияти Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматига авитехникани қайтариш талаби билан бир неча бор мурожаат қилган эди.

Ўтган ҳафта АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла Тожикистонга ташриф буюрди. АҚШ генерали ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 15 июнь куни Тожикистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш, хусусан, ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.

Олий мартабали ҳарбий амалдор ОАВ, жумладан Озоди радиосининг ёзма саволларига жавоб берди. Генерал Курилла Афғонистондан Тожикистонга келган ҳарбий авиатехника тақдири ҳақидаги саволга шундай деди: “Биз Тожикистон Республикаси Қуролли кучларига ўтган йилнинг август ойида Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари авиатехника хавфсизлигини таъминлагани учун миннатдормиз. Толибон бир неча бор таҳдид қилиб, бу борада ўз талабларини илгари сурганига қарамай, авиатехника Толибонга тегишли бўлмагани учун уларга қайтарилмайди. Қўшма Штатлар Тожикистон ҳукумати билан авиатехникадан самарали фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишнинг энг яхши усулини аниқлаш устида ишламоқда. Умид қиламизки, авиатехниканинг бир қисмини ёки барчасини Тожикистон ҳукуматига топшира оламиз. Бу қачон содир бўлишини ҳозир аниқ айта олмайман, лекин биз бу муаммони ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни қиляпмиз."

Ўтган ой АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершейм Вашингтон ва Душанбе Афғонистондан Тожикистонга келган ҳарбий авиатехника тақдири бўйича музокаралар олиб бораётганини айтган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Афғонистондан мамлакатга келган ҳарбий авиатехникани Толибонга қайтаришни режалаштирмагани, чунки улар АҚШ мулки экани ҳақида маълум қилган эди.

2021 йил 15 август куни Толибон жангарилари ҳукуматнинг қаршиликларисиз Кобулни назорат остига олди. Қўшма Штатлар Афғонистонни Толибон таъсиридан озод қилиш, террорчилар базаларини йўқ қилиш ва «Ал-Қоида» (Тожикистонда тақиқланган террорчилик ташкилоти) етакчиларини қўлга олишдан иборат бўлган 20 йиллик “Бардош эркинлик” операциясини ўз миссиясини бажариб, якунлаганини айтди.

Ашраф Ғани ҳукумати ағдарилгач, ўн минглаб афғонлар шошилинч равишда мамлакатни тарк этишди. Улар орасида ўнлаб афғон учувчилари Тожикистонга қочиб, Душанбе чеккасидаги санаторийлардан бирида уч ой давомида сақланган. 2021 йилнинг 10 ноябрига ўтар кечаси 143 нафар афғон учувчиси Душанбедан Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабига етказилди.

XS
SM
MD
LG