Ссылки доступа

Эронда "келиб чиқиши ўзбекистонлик" бўлган Абдулатиф Муродий қатл этилди


Абдулатиф Муродий Эрон судида

Эронда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Абдулатиф Муродийга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ижро этилди. У 20 июнь куни Машҳаддаги Вакилобод қамоқхонасида дорга осиш орқали қатл этилди. Бу ҳақда вилоят бош судьяси Ғуломали Содиғий расман билдирди.

Абдулатиф Муродий жорий йилнинг 5 апрелида, яъни рамазон ойида Машҳаддаги Имом Резо мақбарасида шиа уламолари Муҳаммад Аслоний ва Муҳаммад Содиқ Дараийларга пичоқ билан ҳужум қилганликда гумонланиб қўлга олинганди.

Tasnim агентлигининг ёзишича, 21 ёшли Муродий уларнинг ҳар бирига камида 20 мартадан пичоқ урган. Муҳаммад Аслоний воқеа жойида ҳалок бўлган. Муҳаммад Содиқ Дараий икки кундан сўнг касалхонада вафот этгани хабар қилинган.

Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий бу воқеани “террор ҳужуми” деб атаган эди. Бироқ суд суннийликка мансуб бўлган Абдулатиф Муродийни “муҳорабеҳ, яъни Аллоҳга қарши жиноят содир этган” ликда айбдор деб топган. Унга нисбатан суд ҳукми 7 июнда ўқилган.

Муродий шиа уламоларига Ғўнабод шаҳридаги масжидда икки нафар сунний имом отиб кетилганидан икки кун ўтиб ҳужум қилган.

83 миллион аҳоли яшайдиган Эронда аҳолининг асосий қисми шиа бўлиб, суннийлар 10 фоизгача бўлган қатламни ташкил этади.

Хабарда Абдулатиф Муродий Ўзбекистоннинг қайси ҳудудидан экани, Эронга қаердан ва қандай мақсадда келгани айтилмаган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Муродий Эронга Покистондан ноқонуний равишда кириб келган ва Машҳад шаҳрида яшаган.

XS
SM
MD
LG