Ссылки доступа

Қирғизистонда қашшоқлик даражаси 25 фоиздан 38 фоизга кўтарилганлиги маълум қилинди


Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Айбек Осмонов Қирғизистонда қашшоқлик даражаси 25 фоиздан 38 фоизга ошганини айтди.

Парламент матбуот хизмати хабарига кўра, у 20 июнь куни Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтган. Депутат булар БМТ маълумотлари эканини таъкидлаб, Қирғизистонда иш ўринлари яратишга чақирди.

Аввалроқ БМТнинг ўта қашшоқлик ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Оливе де Шуттер Қирғизистонга ташриф буюриб, мамлакат ҳукуматининг қашшоқликни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ўрганган эди. У 2023 йил июнь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ташриф якунлари бўйича якуний ҳисоботини тақдим этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эксперти “пул жўнатмаларининг қисқариши инфляция ортиши билан бирга Қирғизистонда кун кечириш учун курашаётган одамларнинг даромад манбасини йўқотиш хавфи борлигини” тан олди ва бугунги кунда Қирғизистоннинг ҳар тўртинчи фуқароси қашшоқлик даражасида яшаётганидан огоҳлантирди. 2022 йил охирига келиб инфляциянинг ўсиши туфайли бундай фуқароларнинг улуши 35 ёки ҳатто 38 фоизга ошиши мумкин.

Қирғизистон Жаҳон банкининг дунёнинг энг қашшоқ давлатлари рейтингида 60-ўринда. Рейтингга кўра, мамлакат аҳолисининг 53 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди.

Аҳолининг беш фоизи қашшоқлик чегарасидан паст бўлган Қозоғистон 122чи қаторда жойлашган. Бироқ, Қозоғистоннинг қашшоқлик чегараси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, Нигерия, Ангола, Венесуэла ва Габон даражасида ва камбағалларнинг ҳақиқий сонини объектив равишда ҳисоблаш имконини бермайди. Бироқ ўтган ой Қозоғистон ҳукумати “одамларнинг фаол бўлиш салоҳиятини камайтирмаслик учун” яшаш минимуми ва қашшоқлик чегарасини “кўтариш масаласини кўриб чиқмаётганини” айтди.

XS
SM
MD
LG