Ссылки доступа

Душанбеда фуқароларни АҚШга ишга жўнатишга ваъда бериб, пулларини ўзлаштирган шахслар қўлга олинди


Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари фирибгарликда гумонланиб, пойтахтнинг икки фуқаросини қўлга олди. Улар аҳолини АҚШга жўнатиш мақсадида фирибгарлик йўли билан пул йиғишган, бироқ ваъдаларини бажармаганликда айбланмоқда.

ИИВ хабарига кўра, пойтахтнинг Сино тумани ИИБга Тожикистонобод туманида яшовчи 23 ёшли йигит мурожаат қилган. Январь ойида Душанбенинг икки фуқароси ундан 22 минг доллар олиб, уни АҚШга меҳнат миграциясига жўнатишни ваъда қилган, аммо ҳозирча уни жўнатиш масаласи ҳал этилмаганини айтган.

Худди шу тарзда, икки нафар гумонланувчи Тожикобод туманида яшовчи 24 ёшли яна бир фуқарони АҚШга меҳнат миграциясига жўнатиш мақсадида фирибгарлик йўли билан пул олган, бироқ улар берган ваъдаларини бажармай, пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган.

ИИВ хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Илгари Тожикистонда фуқаролардан хорижга, жумладан, Ғарб давлатларига миграция уюштиришга ваъда бериб, пул олган шахслар фирибгарлик учун бир неча бор қўлга олинган. Расмийлар ҳар сафар аҳолини алданмасликка ва уларни Европа ва Қўшма Штатларда ишга жойлаштириш ваъдаларига берилмасликка чақирган.

Тожикистон ҳозирда Россия, Қозоғистон ва Қатар билан меҳнат шартномаларига эга. Ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам Тожикистондан меҳнат муҳожирлиги учун кетади ва уларнинг пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиётининг асосларидан бири ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG