Ссылки доступа

Европа давлатлари кўмирда ишлайдиган электр станцияларини ишга туширишга тайёр


Россия табиий газининг энг йирик европалик истеъмолчилари Россия табиий газини этказиб бериш кескин қисқартирилган ёки тўхтатилган тақдирда захира вариант сифатида кўмирда ишлайдиган электр станцияларини қайта ишга тушириш режаларини ишлаб чиқмоқда.

Душанба куни Голландия ҳукумати кўмирда ишлайдиган электр станцияларидан электр энергияси ишлаб чиқаришга қўйилган чекловлар бекор қилингани ва энергия инқирозига қарши кураш режасининг биринчи босқичи амалга оширилгани ҳақида эълон қилди.

Reuters хабарига кўра, душанба куни Россиянинг Газпром компанияси Италиянинг табиий газ етказиб бериш бўйича сўровлари фақат қисман қондирилишини эълон қилганидан кейин Италия фавқулодда энергия режимини жорий қилиши мумкин. Россия табиий газининг Европадаги энг йирик истеъмолчиси бўлган Германия кўмир ёқилғиси билан ишлайдиган электр станцияларини қайтадан ишга туширишга тайёрлигини маълум қилди.

Германия Иқтисодиёт вазири Петер Хабек бу қарорни «оғриқли», лекин зарур деб атади, чунки табиий газ танқислиги юзага келган тақдирда, келгуси қишда мамлакат “сиёсий даражадаги шантаж”га дучор бўлиши мумкин. Австрия ҳукумати табиий газ электр станциясини кўмирга айлантириш режасини тасдиқлади.

Ўтган ҳафта Газпром Канададаги Siemens заводида хизмат кўрсатилаётган газ насос ускуналарини зудлик билан қайтаришни талаб қилиб, "Шимолий оқим 1" газ қувури орқали етказиб бериладиган табиий газ ҳажмини камайтирди. Германия ва Италия вакилларининг айтишича, Москва газ таъминотини қисқартириш учун сунъий баҳона ишлатмоқда.

Ҳозирча, агар Европа давлатлари Россия газ етказиб беришнинг қисқариши туфайли табиий газ сақлаш қувватларини тўлдира олмасалар, кўмир ёқилғисида ишлайдиган электр станцияларининг қайта очилиши ортга қайтиш варианти сифатида қаралмоқда.

XS
SM
MD
LG