Ссылки доступа

Москвадаги Қизил майдонда якка пикет ўтказган Қозоғистон фуқароси жаримага тортилди


Москванинг Тверской туман суди Қозоғистон фуқароси Владимир Чувиловни “Россия армиясини обрўсизлантириш” моддаси бўйича 50 минг рубль, “пикет ўтказиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича 20 минг рубль миқдорида жаримага тортди.

Бу ҳақда «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси хабар берди.

Шу билан бирга, лойиҳада қайд этилишича, суд Чувиловга ёрдам берган ОВД-Инфо адвокати Лейсан Маннаповани тинглаган ва уни “миграция қонунчилигини бузиш” моддаси бўйича оқлаган. Ушбу моддага кўра, қозоғистонлик мамлакатдан чиқариб юборилиши билан таҳдид қилинган.

Қозоғистон фуқароси Владимир Чувилов 19 июнь куни Қизил майдонда “Веганлар урушга қарши. Бу жинниликни бас қилинг", дея ёзилган плакат билан турган. Уни Китай-Город полиция бўлимига олиб кетишди ва у ерда бир кеча ушлаб турилган.

Қозоғистонда ҳам Россиянинг ҳарбий тажовузини қоралаган Украинани қўллаб-қувватлаган урушга қарши митинглар бўлиб ўтди. Аксарият ҳолларда бу тинч акциялар маҳаллий ҳокимиятнинг розилигисиз амалга оширилиб, ҳибсга олиш ва маъмурий жавобгарликка тортиш билан якунланган.

Апрель ойида полиция Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига норозилик билдириш ва уруш жиноятлари қурбонлари хотирасини ҳурмат қилиш учун Олмаотадаги Россия консуллиги олдига борган “Оян, Қазақстан” фуқаролик ҳаракати аъзоларини ҳибсга олди. Улар қўлларини боғлаб асфальтга ётишди - бу кўпчиликнинг қўли боғланган Украинанинг Бучи шаҳридан олинган кадрларга аниқ ишора эди. Акция бир неча дақиқа давом этди.

Бу ҳаракат фаоллари февраль ойи охирида, Украинада уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, Россиянинг Олмаотадаги Бош консуллигида тўпланиб, Кремлнинг Украина ҳудудидаги ҳаракатларига қарши норозилик билдиришди. Ярим соатдан кейин полиция намойишчиларни ҳибсга олди.

Қозоғистонда ҳозирда рухсат этилган ягона Украинани қўллаб-қувватлаш митинги 6 март куни Олмаотада бўлиб ўтди ва минглаб иштирокчиларни тўплади.

XS
SM
MD
LG