Ссылки доступа

Қирғизистонда фаол Мелис Аспеков судда очлик эълон қилиш ниятида эканлигини маълум қилди


Фуқаролик фаоли Мелис Аспеков 21 июнь куни унинг иши кўриб чиқилаётган Бишкек шаҳар суди йиғилишида очлик эълон қилиш нияти борлигини маълум қилди.

Бу ҳақда у судьядан норозилигини билдириб, уни ўзгартиришни талаб қилганидан кейин айтди. Аспековнинг адвокати ва яқинлари унинг баёнотига ҳозирча изоҳ беришмаган.

Шу йилнинг март ойида Бишкекнинг Первомайский туман суди Мелис Аспековни «Товламачилик» ва «Фирибгарлик» моддалари бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шунингдек, суд ундан жабрланувчилар фойдасига 23 миллион сомдан ортиқ пул ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Яқинда шаҳар судида бўлиб ўтган йиғилишда Мелис Аспеков президентлик сайловлари вақтида амалдаги президент Садир Жапаров собиқ президент Сооронбай Жеенбековдан 10 миллион доллар олгани ва бу маблағнинг 1 миллион долларини Чуй вилоятидаги сайловолди ташвиқотига сарфлаганини айтди.

Президент Садир Жапаров Азаттйк нашрига берган интервьюсида Аспековнинг сўзларига жавоб бериб, “Сооронбай Жеенбековдан бир доллар ҳам олмаганини” таъкидлади.

2020 йил октябрь воқеалари пайтида ва ундан кейин Мелис Аспеков Садир Жапаров тарафдорлари қаторида эди. Ва у расмий лавозимда ишламаган бўлсада, давлат раҳбарининг яқинларидан бири ҳисобланган. Президентлик сайловларида у Чуй вилоятида бир қанча учрашув ва тадбирлар ўтказиб, маҳаллий аҳолининг Садир Жапаровга овоз бериши учун фаол ташвиқот ишларини олиб борди.

2021 йил январь ойида у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, у Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизмати томонидан “Қирғиз темир йўлу” давлат корхонаси ишини текшириш ва корхона раҳбариятига қарши митинглар уюштириш таҳдиди остида 250 минг доллар пул ундирган. Май ойида унга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича жиноий иш очилган эди.

XS
SM
MD
LG