Ссылки доступа

UNICEF Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлардан ташвиш билдирди


Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари акс этган қатор видеолар тарқалгани ортидан UNICEF хавотир билдирди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, айрим ҳодисалар, жумладан, гўдаклар билан боғлиқ бўлганлари, жамоатчилик кўз ўнгида ва кузатувчилар иштирокида содир бўлаётгани алоҳида ташвиш уйғотмоқда.

“Аёллар ва болалар, айниқса қизлар, ҳар куни зўравонликдан азият чекмоқда ва бунга, афсуски, мақбул, нормал, йўл қўйиш мумкин бўлган ҳолат ва “оиланинг иши” деб қаралади. Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Зўравонликка барҳам беришда ҳар кимнинг ўрни бор. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишига чек қўйиш, ижобий тажриба меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш зарур”, - деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Минур Мамедзаде.

Ташкилотнинг таъкидлашича, жаҳонда ҳар тўрт боладан бири зўравонликка дучор бўлади ва ҳар беш боладан бири зўравонликнинг турли шакллари туфайли вафот этади.

UNICEF баёнотида айтилишича, айни пайтда ташкилот Вазирлар Маҳкамаси Таълим ва соғлиқни сақлаш котибиятининг Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги сектори, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва Болалар омбудсмани билан ҳамкорликда болаларга нисбатан зўравонликни аниқлаш ва уларга жавоб бериш бўйича стандарт процедураларни ишлаб чиқмоқда.

Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари жамиятнинг асосий қатлами томонидан “одатий ҳолат” сифатида қабул қилинаётгани халқаро ташкилотларнинг ташвишларига сабаб бўлиб келади.

Биргина июнь ойининг биринчи ярмида ижтимоий тармоқларда камида учта зўравонлик ҳолати -куёвнинг никоҳ кечаси келиннинг бошига мушт туширгани, она-бола бир аёлни самосуд қилаётгани ва гўдак боласини калтаклаётган аёл акс этган видеолар тарқалган. Бу видеоларда зўравонлик ҳолатлари кўплаб гувоҳлар олдида амалга оширилганини кўриш мумкин. Лекин улардан бирортаси бу зўравонликни тўхтатишга ҳаракат қилмаган.

XS
SM
MD
LG