Ссылки доступа

Қирғизистонда казино очишга қарши бўлганлар митинг учун Оқ уйга келиди


Бишкекда Қирғизистонда казино очилишига қарши бўлганлар 22 июнь куни Жогорку Кенеш биноси ёнида тўпланди.

Акцияда 20 га яқин киши иштирок этиб, депутатлардан қимор муассасалари фаолиятига рухсат бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинмаслигини талаб қилмоқда. Ҳали парламентарийлардан ҳеч бири намойишчилар олдига чиқмаган.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни парламентнинг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси ёпиқ мажлисда казино фаолиятига рухсат бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллаган эди. Қўмита раиси ўринбосари, депутат Дастан Бекешев ўзининг Твиттердаги саҳифасида бунга қарши овоз берганини ёзди, чунки бу ҳужжат “Қирғизистонда онлайн казино очади ва телевизор, радио, билбордлар ва барча мумкин бўлган жойларда қимор ўйинларини реклама қилишга рухсат беради.”

Ўтган ҳафта қўмита ҳужжатни жонли муҳокама қилиш ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров иштирок этишини талаб қилиб, ушбу қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бош тортди.

11 май куни Жогорку Кенеш биринчи ўқишда Қирғизистон ҳудудида казино фаолиятига рухсат бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат шунингдек, ўйин автоматлари ва онлайн казинолар учун рухсатни ўз ичига олади. Ҳужжатда қайд этилишича, Қирғизистон фуқаролари ва 21 ёшга тўлмаган хорижликларнинг мазкур муассасаларга кириши тақиқланади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили қимор ўйинлари учун солиқни оширишни режалаштирмоқда.

Президент Садир Жапаров ва Бош вазир Оқилбек Жапаров бир неча бор қиморхона фаолиятига рухсат беришни ёқлаб чиқишган. 2021 йилда депутатлар Бақтибек Турусбеков ва Дастанбек Жумабеков Иссиқкўл вилоятида казиноларга рухсат бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган, бироқ жамиятдаги резонансдан сўнг улар ҳужжатни қайтариб олишган. Президент Садир Жапаров, ўз навбатида, қимор ўйинлари шохобчаларини нафақат ушбу вилоятда, балки бутун республика бўйлаб очишни таклиф қилди.

Қирғизистонда қимор ўйинлари 2012 йилда тақиқланган эди. 2015 йилда лотерея ва букмекерлар фаолияти тўхтатилди. Аммо бундан кейин ҳам ер ости казинолари ва ўйин автоматларини ташкил қилиш ҳолатлари қайд этилган.

XS
SM
MD
LG