Ссылки доступа

Францияда чўмилиш бурқасини кийиш тақиқланди


Франция Олий маъмурий суди аёлларга буркини, яъни танани бошдан оёқ ёпиб турувчи чўмилиш бурқаси кийишни тақиқлади.

Суд қарорида таъкидланишича, буркини Франциянинг “дунёвий давлат” экани, давлатнинг динга нисбатан нейтрал муносабатда бўлиш принципига зид келади. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Жорий йил майида Франциянинг Гренобль шаҳар мэрияси маҳаллий фаоллар талаби асосида чўмилиш жойларида аёлларга буркини кийшга рухсат берган эди. Шаҳар мэри ҳар бир аёл ўзи хоҳлагандай кийиниш ҳуқуқига эга бўлиши лозимлигини айтган.

Франция ҳукумати Гренобль шаҳар мэрияси қарори устидан судга шикоят киритганди. 21 июнда Франция Олий маъмурий суди буркинига рухсат берилишини ноқонуний деб топди.

Айни пайтда Франциядаги мусулмонлар ташкилотлари буркинининг тақиқланишини инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва мусулмон аёлларни камситиш сифатида баҳоламоқда.

2016 йилда Франциянинг денгиз соҳилидаги ўттизга яқин курорт шаҳри ўз пляжларида аёлларга буркини кийишни тақиқлаган эди. Бундай тақиқ ўзини исломий деб ҳисоблайдиган террорчилар Францияга бир неча бор ҳужум қилгани ортидан жорий этилган.

БМТ Францияни буркинига тақиқни бекор қилишга чақирди. БМТ тақиқни “инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши” сифатида талқин қилмоқда.

2010 йилда Францияда аёлларга ниқоб ва паранжи кийиб юриш тақиқланган эди. Францияда 5 миллион мусулмон яшайди.

XS
SM
MD
LG