Болқонда бу ҳолатга дуч келган бир неча аёл мухбиримиз билан аноним суҳбатда бир ҳафтадан бери рулда ўтирган аёлларга қарши давом этаётган рейдлар ҳақида гапирди.
Масалан, ЙХХ ходимлари автомашинада қўшимча жиҳозлар ўрнатилганлигини айтишади, лекин улар бундай ускунани ўрнатишни тақиқловчи қарор ёки қонунни тақдим эта олмаган. Шу каби баҳоналар билан ўнлаб аёллар ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинган.
Уларнинг сўзларига кўра, Туркманбоши шаҳар маъмуриятига кўплаб аёллар шикоятлар билан мурожаат қилиб, ЙХХ ходимларининг ҳаракатларидан норозилигини билдириб, чора кўришни талаб қилишган.
Аммо шаҳар расмийлари уларни тинглаш ва ечим таклиф қилиш ўрнига рулда ўтирган аёлларни “йигитларга кўз тикишда” айблади.
Туркманистон Конституциясининг 29-моддасига кўра, “Туркманистонда эркак ва аёл тенг ҳуқуқ ва эркинликларга, шунингдек, уларни амалга ошириш учун тенг имкониятларга эга”. Шунингдек, унда “жинсий жиҳатдан тенгликни бузиш қонун билан белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади” дейилади. Бундан ташқари, Туркманистонда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятларни таъминлашнинг давлат кафолатлари тўғрисидаги қонун мавжуд.
Лекин ҳақиқатда бир неча йиллардан бери Туркманистонда аёлларнинг машина ҳайдаш ҳуқуқи чекланган. Аёлларнинг ҳар хил сабабларга кўра ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилади ва қайтариб берилмайди.
Болқон провинциясида аёл ҳайдовчиларга қарши ўтказилган сўнгги рейдлар аёлларга ташқи кўриниш, жумладан, кийим-кечак, косметика хизматлари ва маҳсулотларидан фойдаланиш билан боғлиқ янги чекловлар ва тақиқлар жорий этилганига тўғри келди.
Туркманистоннинг БМТ Аёллар ташкилоти ижроия кенгашидаги уч йиллик аъзолигининг биринчи йилида туркман аёлларининг ҳуқуқларига чекловлар кузатилмоқда.