Ссылки доступа

Ғарбий Қозоғистонда депо ишчилари иш ҳақининг кечикиши сабабли иш ташлашди


Ақтўбе вилояти Темир тумани вилоят маркази Шубарқудуқда локомотив депосининг 23 нафар ходими 17 июндан иш ташлаш эълон қилиб, ишини тўхтатди. Улар январь ойидан бери маошлар берилмаётганидан норози эканликларини билдиришмоқда.

— Шубарқудуқдаги депода муҳандисман. Маош жуда оз. Мен ойига тахминан юз минг тенге (220 доллар) оламан. Маошимиз январь ойидан бери тўланмади. Раҳбариятдан сабаб сўрасам, муассаса даромади коммунал тўловлар ва солиқлардан ошмайди, дейишади, - дейди муҳандис Арман Алимбоев.

Унинг сўзларига кўра, Меҳнат департаменти “Қозоғистон президентининг фармонига кўра, 2023 йилнинг январигача текширишларга мораторий эълон қилинган, шунинг учун улар тадбиркорлик субъектларини текшира олмайди”, деб жавоб берган.

Шубарқудуқдаги депо ишчилари ҳар ой камида етти-саккиз тепловозни таъмирлаб беришларини айтишди. Апрель-май ойларида 12 тагача тепловоз таъмирланди. Корхонанинг даромади, дейди ишчилар, таъмирланган тепловозлар сони ортиши билан ортиб бормоқда. Аммо иш ҳажмининг ошиши иш ҳақига таъсир қилмайди, дейди улар.

Арман Алимбоевнинг айтишича, январь ойидан бери ойлик маошини олмаган 23 нафар ходим ҳар куни иш вақтида депога келишади, бироқ ўтган жума кунидан бошлаб улар бир овоздан тепловозларни таъмирлашни тўхтатишга қарор қилишган.

Ақтўбе вилояти Темир тумани ҳокимлиги бу вазиятдан «хабардор»лигини маълум қилди. Ҳокимлик маълумотларига кўра, Шўбарқудуқдаги таъмирлаш депоси ширкатининг ўз ходимларидан 15 миллион 245 минг тенге қарзи бор.

“Тўлов амалга оширилмагани учун компания ҳисоблари блокланган. Ҳозир уларнинг ҳисобларида етти миллион тенге бор. Ой охиригача 18 миллион олиниши керак. Бу пул эвазига ишчиларнинг ойликлари тўланади”, — деди Темир тумани ҳокимлиги.

Бироқ таъмирлаш депоси кадрлар бўлими ходими Шара Ермаганбетова маош эртага ёки бугун берилади, деган ваъдалардан тўйганини айтди. Шунингдек, маълум қилинишича, компания охирги етти йил давомида маошдан ташқари пенсия бадалларини ўтказмаган ва улар ваколатли органлардан ушбу «тартибсизлик»ларга эътибор беришни сўрамоқда.

XS
SM
MD
LG