Ссылки доступа

Тожикистон тижорат банклари доллар олди-сотдисидаги чекловларни бекор қилди


Тожикистонда долларнинг қадрсизланиши ва Россия рублининг миллий валюта – сомонийга нисбатан курсининг ошиши кузатилмоқда. 23 июнь куни мамлакат тижорат банкларида 1 доллар 10 сомонийга тенг бўлиб, 1000 рус рубли учун 177 сомонийдан берилган эди.

Тожикистон миллий валютасининг долларга нисбатан мустаҳкамланиши тенденцияси апрель ойи ўрталаридан бошлаб давом этмоқда. Кўпчилик рубль курсининг ўсишидан хурсанд бўлди, чунки Тожикистонда кўп сонли оилалар меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳисобига кун кечирмоқда.

Бир ой аввал Тожикистон Миллий банки белгилаган курс бўйича 100 доллар 1210 сомоний, 1000 рубль эса 160 сомоний эди.

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши бошлангандан сўнг дарҳол Тожикистонда рубль курси кескин тушиб кетди ва 1 минг рубль учун 91 сомонийни ташкил қилди. Бироқ орадан бир неча ҳафта ўтиб, Россия валютаси нафақат қайтди, балки Тожикистон миллий валютасига нисбатан ўз мавқеини мустаҳкамлади.

Иқтисодчи эксперт Фозилжон Фатхуллоевнинг фикрича, кўплаб давлатлар, жумладан, Тожикистонда долларнинг қадрсизланиши «долларизация» билан боғлиқ. "АҚШ компаниялари Ғарб санкциялари туфайли Россияни тарк этганидан сўнг, долларга бўлган эҳтиёж пасайиб кетди, бу эса «де-долларизация» га олиб келди - АҚШ долларидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатиш жараёни", - дея тушунтиради эксперт.

Тожикистон чет эл валютасини асосан Россияда ишлаётган муҳожирлардан олади. Ўтган йили пул ўтказмаларининг асосий қисми рус рублида амалга оширилган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Россиядан Тожикистонга жисмоний шахсларнинг пул ўтказмаларининг қарийб 94,3 фоизи рубль, бор-йўғи 5,6 фоизи доллар бўлган.

Ҳозирда Тожикистон тижорат банклари нақд доллар тақчиллиги кузатилмагани учун Америка валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича чекловларни бекор қилди. Банкларнинг Озоди радиоси журналистларига айтишича, энди долларни ҳеч қандай чекловларсиз сотиш мумкин.

Тожикистонда, қоида тариқасида, АҚШ валютасининг ўсиши билан бозорларда маҳсулотлар нархи кўтарилади.

Бир қатор банклар ходимлари, исмини ошкор қилмаслик шарти билан, Тожикистондаги валюта бозоридаги вазият бевосита Россиядаги вазиятга боғлиқлигини айтишди.

XS
SM
MD
LG