Ссылки доступа

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи маймун чечаги эпидемиясини пандемия деб эълон қилди


Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи – WHN маймун чечаги эпидемиясини пандемия деб эълон қилгани тўғрисида 23 июнь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, айни пайтда маймун чечаги 58 та мамлакатга тарқалди ва беморларнинг умумий сони 3417 нафарга етди.

Тармоқ хасталик глобал офатга айланишининг олдини олиш учун зудлик билан тегишли профилактик чоралар кўришга чақирувчи декларацияни эълон қилди. Декларацияда таъкидланишича, касалликнинг тарқалиш суръати ва кўлами ошмоқда.

“Агар ўз вақтида зарур тадбирлар амалга оширилмаса, келгусида бу хавфли дард миллионлаб инсонлар ўлими ва ногиронлигига сабаб бўлиши мумкин”,-дейилади декларацияда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш тармоғи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини маймун чечагига қарши шошилинч чора-тадбирларни белгилашга чақирди.

3 июнь куни АОКАда ўтган брифингда Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда маймун чечаги касаллиги қайд этилмаганини билдирган эди.

Отабековнинг айтишича, маймун чечагини махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Даволаш симптоматик олиб борилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 май куни маймун чечаги 30 дан ортиқ давлатда аниқлангани ва жами 550 бемор рўйхатга маълум қилган.

XS
SM
MD
LG