Ссылки доступа

Танқидлардан сўнг Қорақалпоғистонда IT танлови ғолибларига ноутбук берилди


Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида ўтказилган IT танлови ғолибларига ноутбук сумкаси, клавиатура ва пилот совға қилингани хабар берилганди. Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев танлов ғолибларига ноутбук берилганини маълум қилди.

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида ўтказилган «IT-билимдони» кўрик-танлови ғолибларига дастлаб сертификатлар, ноутбук сумкаси, клавиатура, «удлинитель» ва стационар компьютерлар совға қилинди. Бу ҳақда пайшанба куни кечки пайт Ёшлар масалалари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев маълум қилди.

«Халқнинг кайфияти, ёшларнинг кайфияти — жуда ҳам муҳим. Шунинг учун ҳамма масъуллардан шунақа танлов ва тадбирларга профессионал ёндашишини сўрардим. У кичкинами, каттами барибир ёшларнинг кўнглидан ўтади», — деди у танлов ғолибларини муносиб тақдирлашга ваъда бериб.


Туман ҳокимлигининг Telegram-каналида ёшларни тақдирлаш ҳақидаги маълумот фотосуратлар билан пайдо бўлди. Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар бунга эътибор қаратганидан сўнг, у олиб ташланди.

Алишер Саъдуллаев интернетдаги резонансга жавоб қайтарар экан, ташкилотчиларидан бири бўлган агентлик танловга керакли даражада тайёрланмаганини тан олди. У ҳамкасбларига «давлатнинг мисқоллаб йиғадиган обрусини шунақа майда, кичик хатолар билан йўқ қилиш керак эмас"лигини айтди.



Тақдирлаш маросимидан суратларни жойлаштирган агентлик раҳбари шундай деди: «Ёшларимиз буҳолатдан тушкунликка тушмасликларини сўраб қоламиз. Билимли ёшларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз!».

Аввалрок, Самарқандда ўтган “Бир миллион ўзбек дастурчилар” танловида ғолиб бўлган 8-синф ўқувчисига ишлатилган эски ноутбукни мукофот тарзида беришган. Ижтимоий тармоқларда бунга эътибор қаратилганидан сўнг, бунинг натижасида Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари ҳайфсан олди.

XS
SM
MD
LG