Ссылки доступа

Тожикистон болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазони кучайтирди


Архивное фото
Архивное фото

Тожикистон парламенти қуйи палатаси – Мажлиси Намояндагон депутатлари Тожикистон Республикаси Жиноят кодексига вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлик учун жазо янада қаттиқроқ бўлган тузатишларни маъқуллади.

Тожикистонда бундан буён педофиллар 25 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Илгари болалар ва вояга етмаганларга жинсий зўравонлик қилиш 7 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланарди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари бу мавзуга изоҳ беришдан бош тортдилар.

23 июнь куни адвокат Дилшод Жўраев Озоди радиоси мухбири илтимосига кўра Тожикистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган янги ўзгартишларни шарҳлар экан, болалар ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик айби билан судланганлар болаларни тарбиялаш ва ўқитиш билан боғлиқ барча ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини айтди. “Қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, уларга, хусусан, вояга етмаганларга тиббий хизмат кўрсатиш, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, болалар спорти, болалар ижодиёти каби соҳаларда ўқитувчилик фаолияти тақиқланади”, — дея қўшимча қилди юрист.

Тожикистонда жинсий зўравонлик, жумладан, болаларга нисбатан жазони кучайтириш талаблари анчадан бери эшитилиб келинмоқда. Сўнгги бор фуқаролик фаоллари 8 ёшли Руфейда Иноятованинг ўлдирилишидан кейин зўрлаш ва педофилларга нисбатан жазони кучайтириш зарурлигини эълон қилган эди. 2021 йил 4 июль куни Рудакий тумани Навобод қишлоғида Руфейданинг ваҳшийларча ўлдирилиши содир бўлган. Эртаси куни ҳуқуқ-тартибот идоралари қизнинг бўлакланган жасадини топди. Жиноят октябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 30 ёшли Раҳматулло Гадоев томонидан содир этилган.

Бироқ, экспертларнинг фикрича, жазо чораларини кучайтириш болаларга нисбатан зўравонлик муаммосини ҳал қилмайди. – Оғир жазо, қоида тариқасида, зўрлаш жиноятини тўхтатмайди, жазони ўтаб бўлгач, жиноятчи жиноий ҳаракатини давом эттиради, – дейди психолог Наимжон Абдурашидов. – Шундай экан, ахлоқ тузатиш муассасаларида педофиллар билан тушунтириш ишларини кучайтириш, уларда онаси, опа-сингиллари ҳам борлигини англаб етиши учун уларда энг яхши инсоний фазилатларни шакллантириш зарур. Бу ишни маҳаллий аҳоли орасида олиб бориш керак”.

Тожикистонда, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, аҳоли ўз фарзандлари дуч келаётган жинсий зўравонлик ҳолатлари фош этилишидан қўрқмаслиги учун тушунтириш ишлари ташкил этилмаган.

“Ташаббуси ҳуқуқ” жамоат фонди раҳбари Гулчеҳра Раҳмонова 22 июнь куни Озоди радиоси билан суҳбатда Тожикистонда аксарият ҳолларда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик яқин атрофдагилари томонидан содир этилишини айтди.

“Қариндошлар ёки оила дўстларининг жинсий эҳтиёжларини қондириш учун куч ишлатиши болалар ва ўсмирларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ҳозирда болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олдини олиш бўйича ягона чора-тадбирлар мавжуд эмас. Шунинг учун, болага унинг танаси фақат унга тегишли эканлигини ва бошқа ҳеч кимга тегишли эмаслигини тушунтириш лозим. Унга шуни тушунтириш керакки, ҳеч ким болангизни безовта қиладиган ишни қилишга мажбурлашга ҳаққи йўқ ва агар кимдир буни қилишга уринса, бола ўзи ишонадиган катталарга бу ҳақда айтишга уялмаслиги керак”, - дейди Гулчеҳра Раҳмонова.

Тожикистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил идорасига кўра, 2019-2021 йилларда вояга етмаганларни зўрлаш бўйича 45 та ҳолат қайд этилган. Тожикистонда, умуман олганда, болалар зўрлаш ҳолатлари жуда камдан-кам очилади, фактларни қурбонларнинг яқинлари ўзлари яширишга ҳаракат қилишади, дейди маҳаллий экспертлар.

XS
SM
MD
LG