Ссылки доступа

ЕКПА Малайзиянинг “Боинг” учоғи Россия ракетаси билан уриб туширилганини “энг ишонарли сценарий” деб атади


Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) “Боинг” МН17 Украина осмонида Россиянинг “Бук” комплексидан отилган ракета билан уриб туширилганини “энг ишонарли сценарий” деб атади. Бу ҳақда ассамблея сайтида маълум қилинган.

Ассамблея тегишли резолюцияни бир овоздан қабул қилган. ЕКПА вакиллари “Россия ҳукуматининг учоқ ҳалокатига доир ёлғон-яшиқларидан лол қолишган”ини урғулашган.

“Россия ҳукумати тергов органларига ишонарли маълумотлар тақдим этиш ўрнига ялғон-яшиқ тарқатиб, жумладан, ҳодисани терс талқин қилиб, терговни қасддан чалғитмоқда. Эълон қилинган разведка маълумотлари ва қатор ҳисоботга кўра, Россия ҳукумати ҳақиқатни яшириш мақсадида радарлар, сунъий йўлдошлар ва бошқа манбаларнинг маълумотларини сохталаштиришдан ҳам тап тортган эмас”, дейилган резолюцияда.

ЕКПА Малайзия авиаширкатига қарашли учоқ Украинанинг Су-25 ёки МиГ-29 қирувчи учоқлари томонидан уриб туширилгани ёки “Боинг” МН17 Украина назоратидаги ҳудуддан “Бук” ракетаси ёрдамида урилганига доир тахминларни “тамомила рад этган”.

Ассамблея Россияни тергов билан ҳамкорлик қилишга ва қурбонларнинг яқинларидан кечирим сўрашга чақирган.

Малайзиянинг МН17 рейси билан учаётган “Боинг” учоғи 2014 йил ёзида Украинанинг Донецк вилоятида уриб туширилган эди. Ҳалокат натижасида 298 киши – 17 та давлат фуқаролари қурбон бўлган. Халқаро тергов гуруҳи учоқ “ДХР” айирмачилари назоратида бўлган ҳудуддаги “Бук” қурилмасидан отилган ракета билан уриб туширилгани, қурилманинг ўзи эса Россиянинг Курск вилоятида жойлашган 53-зенит-ракета бригадасига тегишли бўлгани ҳақида хулоса берган. Тергов хулосасича, “Бук” учоқ уриб туширилишидан олдинроқ Курскдан “ДХР” назоратидаги ҳудудга кўчирилган.

XS
SM
MD
LG