Ссылки доступа

Тоғли Бадахшонда Интернет алоқаси тикланди


В Хороге

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) интернет тармоғига уланиш тикланди.

17 май куни Рушон аҳолиси Хоруғ томон ҳаракатланаётган ҳарбий карвон йўлини тўсиб қўйгани ва “аксилтеррор операцияси” бошланиши билан ушбу тоғли ҳудудда интернетга кириш тўсиб қўйилган эди.

Интернет тармоғи тиклангани ҳақидаги хабарни бизга Хоруғ ва Рушон шаҳарлари аҳолиси ҳам тасдиқлашди. Уларнинг сўзларига кўра, интернет 25 июнь куни кечқурун тўсатдан пайдо бўлган.

“Бизда бир ойдан ортиқ интернет йўқ эди. Интернетга ўрганиб қолган одамлар бусиз қийналдилар, чунки меҳнат миграциясида бўлган қариндошларимиз билан мессенжер орқали боғланиб турамиз”, — деди исми сир қолишини сўраган Хоруғлик фуқаро.

16 май куни Хоруғлик аҳоли норозилик билдириш учун кўчаларга чиқди. 18 май куни эрталаб Тожикистон ҳукумати ТБМВнинг Рушан туманида “аксилтеррор операцияси” бошланганини эълон қилди, у ерда, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳукумат қўшинлари ва йўлни тўсиб қўйган аҳоли ўртасида тўқнашувлар бўлган. Расмий маълумотларга кўра, Рушоннинг “қуролланган жиноий гуруҳлари” шундан сўнг бир зобитни ўлдирган, 13 нафар хавфсизлик ходимини яралаган. Гувоҳларнинг айтишича, бир гуруҳ маҳаллий ёшлар Хоруғ томон ҳарбий техника ҳаракатига тўсқинлик қилишга уринган. Уларнинг таъкидлашича, уларда қурол йўқ эди.

ТБМВдаги Хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича идоралараро штаб маълумотларига кўра, Хоруғ ва Рушондаги ушбу воқеалар пайтида ва ундан кейин “16 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинган”. Мустақил манбаларнинг хабар беришича, 30 дан ортиқ одам ўлдирилган, 300 га яқин киши ҳибсга олинган ва қийноққа солинган.

Истеъфодаги полковниклар Толиб Аёмбеков, Ниёзшо Гулобов, Мунаввар Шанбиева ҳибсга олинди, Зоир Ражабов, Хурсанд Мазоров «зарарсизлантирилди», вилоятдаги ўндан ортиқ нуфузли шахслар ҳибсга олинди ёки ўлдирилди.

Расмийлар ТБМВда Интернетнинг ўчирилиши бўйича ҳеч қандай тушунтириш бермади. Одатда Тожикистонда норозилик намойишлари ва амалиётлар вақтида интернет ишламай қолади. Билганлар қайд этишича, расмийлар фойдаланувчилар воқеа жойидан тармоққа фотосуратлар ва видеоларни “ўтказиб юбормасликлари” учун интернетни тўсиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йил ноябрь ойи охирида Хоруғликларнинг Роштқалъа вилоятида яшовчи Гулбиддин Зиёбеков ўлдирилишидан сўнг тўрт кунлик норозилик намойишлари ортидан ТБМВда интернет тўсиб қўйилган эди. Интернет 2022 йил март ойида тикланди.

XS
SM
MD
LG