Ссылки доступа

G7 етакчилари Хитой билан рақобатлашиш ва Украинага ёрдам беришни муҳокама қилмоқда


Встреча лидеров "Группы семи", Германия, 26 июня 2022 года
Встреча лидеров "Группы семи", Германия, 26 июня 2022 года

Катта еттилик (G7) давлатларининг барча етакчилари инфляциянинг ўсиши ва иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви фонида глобал инқироздан хавотирда. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шолц G7 саммити доирасидаги жаҳон иқтисодиётига бағишланган сессиядан сўнг айтиб ўтди.

Катта еттилик давлатлари Хитойнинг кўп триллион долларлик “Бир камар, бир йўл” лойиҳасига қарши курашиш ташаббуси доирасида 2027 йилгача ривожланаётган мамлакатларда инфратузилмани ривожлантиришга 600 миллиард евро жалб қилмоқчи. 200 миллиард долларни АҚШ жалб қилади.

Оқ уй веб-сайтидаги меморандумда айтилишича, АҚШ президенти Жо Байден ва G7нинг бошқа етакчилари ривожланаётган мамлакатлардаги инфратузилмадаги камчиликларни бартараф этиш, глобал иқтисодиёт ва таъминот занжирларини мустаҳкамлаш ҳамда Вашингтоннинг миллий хавфсизлик манфаатларини илгари суриш учун расмий ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Маблағлар иқлим ва энергия хавфсизлиги, рақамли алоқа, соғлиқни сақлаш ва гендер тенглигига йўналтирилади.

Бундан ташқари, Шолц ва Байден учрашув давомида Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттиришга келишиб олдилар. Bloomberg агентлигига маълум бўлишича, “Катта еттилик” декларацияси лойиҳасида унинг етакчилари Украинага зарур бўлган даражада – ҳарбий, гуманитар, дипломатик – ёрдам кўрсатиши айтилган.

G7 саммити 26-28 июнь кунлари Бавария Алп тоғларидаги Элмау қасрида бўлиб ўтмоқда. Катта еттиликка Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШ киради. Бу йилги тадбирга Индонезия ва Ҳиндистондан ҳам вакиллар таклиф этилган.

Индонезия президенти Жоко Видодо Россия ва Украинага ташриф буюриш ниятида. Reuters хабарига кўра, Видодо ўз сафарини “тинчликпарварлик миссияси” деб атайди ва икки давлат президентларини мулоқот учун майдон очишга чақирмоқчи. Индонезия президенти ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Россия ва Украинага ташриф буюрган биринчи Осиё етакчиси бўлади.

XS
SM
MD
LG