Ўзбекистон Олий Кенгаши 1992 йи 8 декабрда қабул қилган амалдаги Конституциянинг «Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши» бўлимида Қорақалпоғистонга алоҳида боб ажратилган.
У олти модда — 70−75- моддалардан ташкил топган.
Қорақалпоғистон Конституцияси 1993 йил 9 апрелда Қорақалпоғистон Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган.
Унинг биринчи боби «Давлат суверенитети» деб аталади. 1- юмодда Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистон тўғрисидаги меъёрни — Қорақалпоғистон — Ўзбекистон Республикаси таркибига кирадиган суверен демократик республика экани, Қорақалпоғистон халқининг умумий референдуми асосида Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.
«Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ва битимлар билан тартибга солинади», — дейилади худди шу моддада.
Ўзбекистон Конституциясини ислоҳ қилиш бўйича конституцион комиссия маълумотларига кўра, таклиф этилаётган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси сифатида ишлаб чиқилган ва улар томонидан бир овоздан маъқулланган.
Комиссия экспертларининг таъкидлашича, Жўқорғи Кенгесда Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар йиғиш жараёнида республика аҳолисидан «Қорақалпоғистонни Ўзбекистоннинг ажралмас қисми сифатида белгилаш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушган».
Таклиф этилаётган ўзгартишлар қорақалпоқ ва ўзбек халқлари бирлигини янада мустаҳкамлаш, «Бир юрт — ягона тақдир» ғоясини мустаҳкамлашга қаратилган, — дея маълум қилишди комиссия экспертлари.