Ссылки доступа

Ўзбекистон ОАВларининг фойда солиғи тенг ярмига қисқартирилди


Жорий йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 июлигача Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларидан олинадиган фойда солиғи 50 фоизга қисқартирилади.

Бу ҳақда президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни имзолаган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилди.

Қарорда таъкидланишича, “2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади”.

Бундан ташқари фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади.

2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофотининг бош совриндори автомобиль берилади. Биринчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари, учинчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида мукофот пули тўланади.

27 июнь — Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Аввалроқ шу кун муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги қатор журналистларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлагани хабар қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни матбуот эркин бўлмаган давлатлар қаторида баҳолайди. Жумладан, Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти бу йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистонни 133-ўринга қўйди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 24 поғона юқоридир.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистонда блогерларга таҳдид қилиш ва уларни қамоққа ташлаш давом этаётганини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG